Сирдарё туманида 2025 йилнинг январь–сентябрь ойларида хорижий инвестициялар ва экспорт кўрсаткичларининг барқарор ўсиши қайд этилди. Ушбу давр мобайнида режалаштирилган 71,7 миллион долларлик хорижий инвестициялар ва кредитлар ўрнига 76,6 миллион доллар ўзлаштирилиб, кўрсаткич 101 фоизга бажарилди. Экспорт ҳажми эса 45,5 миллион долларни ташкил этди — прогнознинг 81 фоизи таъминланди ва ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2 миллион долларга ошди.
– Туман иқтисодиётининг барқарор ўсишида инвестиция ва экспорт асосий драйверлардан ҳисобланади, – дейди Сирдарё тумани ҳокимининг ўринбосари, инвестиция, саноат ва савдо бўлими бошлиғи Исломбек Каримов. – Чунки хорижий сармояларни жалб этиш ва экспортни кенгайтириш янги иш ўринлари яратиш, саноат салоҳиятини мустаҳкамлаш ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар фаолиятини ривожлантиришга кенг имконият яратади.

Тумандаги хорижий инвестицияларнинг асосий улуши Хитой (50,2 млн доллар), Полша (13 млн доллар) ва Украина (8,5 млн доллар) ҳиссасига тўғри келди. Жумладан, “Reka Med Farm” МЧЖ томонидан дори воситалари ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш мақсадида 12,1 миллион долларлик сармоя ўзлаштирилди. Бу эса ҳудудда замонавий ускуналар ва юқори технологияли ишлаб чиқариш линияларини жорий этиш имкониятларини янги босқичга кўтарди.

Экспорт таркибида саноат маҳсулотлари етакчилик қилди: тўқимачилик — 8 млн доллар, чарм маҳсулотлари — 7,7 млн доллар, қурилиш материаллари — 4,9 млн доллар, фармацевтика — 1,3 млн доллар, озиқ-овқат — 2,3 млн доллар, мева-сабзавот — 1,8 млн доллар. Экспорт географияси 24 та давлатни ўз ичига олди. Асосий шериклар қаторидан Россия (12,2 млн доллар), Хитой (9,6 млн доллар), Қозоғистон (3,7 млн доллар), Тожикистон (2,5 млн доллар) ва Қирғизистон (1,8 млн доллар) ўрин олди. Шунингдек, АҚШ, Финляндия ва Буюк Британияга экспорт сўнгги беш йилда илк бор амалга оширилгани қайд этилди.

Ҳисобот даврида 32 та экспортчи корхона фаолият юритди, уларнинг 18 тасида экспорт ҳажми жами 2,6 миллион долларга ошди. Экспортчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 3 та корхонага 2,9 миллион долларлик айланма маблағ кредитлари ажратилди. ҚҚСни қайтариш, электр таъминоти, рухсатномалар ва сертификатлаш бўйича 8 дан ортиқ муаммо ижобий ҳал этилди.

– Энг муҳими, жорий йилнинг январь–сентябрь ойларида инвестиция дастури доирасида қиймати 74,6 миллиард сўмлик 29 та янги лойиҳа ишга туширилиши натижасида 360 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган эди, – деди туман ҳокимининг ўринбосари. – Амалда эса қиймати 426 миллиард сўмлик 44 та лойиҳанинг ишга туширилиши ҳисобига 602 та янги иш ўрни яратилди. Хусусан, “SIRDAYO MEGA LUKS” МЧЖ томонидан полипропилен маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш лойиҳасининг иккинчи босқичида 120 миллиард сўмлик инвестиция ўзлаштирилиб, меҳнат бозорига қўшимча 120 та иш ўрни тақдим этилди.

Бу натижалар Сирдарё туманида саноатни ривожлантириш, сармояларни самарали жалб қилиш ва хорижий бозорларда рақобатбардош маҳсулотлар экспортини кенгайтириш йўлида муҳим қадам сифатида эътироф этилмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири