2024 йил март ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Сайхунобод туманига ташрифи туман тараққиётида янги босқични бошлаб берди. Давлат раҳбари ташриф чоғида ишсизликни камайтириш, саноат салоҳиятини ошириш ва инфратузилмани ривожлантириш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берганди.
Мазкур топшириқларга асосан “Фаровон” кичик саноат зонасидаги яйлов ерларнинг мақоми ўзгартирилиб, саноат эҳтиёжлари учун ажратилди. Электр таъминотини яхшилаш мақсадида 60 миллиард сўм маблағ йўналтирилиб, зарур инфратузилмалар яратилди.
– Ташрифдан сўнг 2024 йилда 40 миллион долларлик 11 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилди, – дейди туман ҳокими Комилжон Муллажонов. – 2025 йилда эса 209 миллион долларлик инвестицияларни жалб қилиш ва 13 та йирик лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган. Ушбу лойиҳалар доирасида 2024 йилда 13 500 иш ўрни очилган бўлса, 2025 йил якунида эса 16 500 нафар фуқаро доимий ва мавсумий иш ўрни билан таъминланади.

Энг асосийси, саноат зонасидаги фаолият ҳам кенгаймоқда. “Сайхун Карвон” МЧЖда ишлаб чиқариш қуввати 80 тоннадан 300 тоннагача оширилди.
– Корхонамизда Туркиянинг “Ортач” компаниясига тегишли генч тегирмони ва бошқа замонавий ускуналардан фойдаланилмоқда, – дейди иш бошқарувчиси Зафар Бобомуродов. – Электр энергиясини тежаш мақсадида 50 киловаттли қуёш панеллари ўрнатдик. Яқин келажакда улар сонини кўпайтиришни режалаштирганмиз. Янги ускуналар жорий этилганидан сўнг маҳсулот турлари ва иш ўринлари сони ҳам ортиб бормоқда.
Ҳозир корхонада 23 нафар мутахассис ва ишчи фаолият юритмоқда, келгусида бу рақам сезиларли даражада ошиши кутилмоқда.

Шунингдек, “Beshefar Group” МЧЖ томонидан амалга оширилаётган 50 миллион долларлик ун ишлаб чиқариш мажмуаси лойиҳаси 25 гектар майдонда барпо этилмоқда. Мажмуа тўлиқ ишга тушгач, 1 000 нафарга яқин ёшлар доимий ва мавсумий иш билан таъминланади.
Ҳозир “Фаровон” кичик саноат зонасида умумий қиймати 56 миллион АҚШ долларига тенг бўлган хорижий инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Қишлоқ хўжалиги, хусусан, паррандачилик йўналишида туманда кенг кўламли ислоҳотлар ва йирик инвестицион лойиҳалар амалга оширилмоқда. Шу доирада “Қайнар” масъулияти чекланган жамияти томонидан ташкил этилган замонавий паррандачилик мажмуаси муҳим амалий қадамлардан бири бўлди.
Лойиҳанинг биринчи босқичи 2023 йилда Франциядан олиб келинган 23 минг бош жўжа асосида ишга туширилган бўлса, иккинчи босқичда яна 73 минг бош жўжа олиб келиниб, ишлаб чиқариш ҳажми сезиларли даражада кенгайтирилди. Айни пайтда мазкур мажмуада етиштирилаётган парранда гўшти қўшни Тожикистон Республикасига экспорт қилинмоқда.
Лойиҳа доирасида 2024 йилда 4 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 10 миллион доллардан ортиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, “Янги Ҳаёт” маҳалласининг ўзида 250 минг бош паррандага мўлжалланган йирик мажмуа қурилиши жадал суръатларда давом этмоқда. Шу билан бирга, жўжаларни кўпайтириш мақсадида инкубацион фабрика барпо этиш бўйича ҳам амалий ишлар бошлаб юборилган.
Ушбу ташаббуслар туманда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда маҳаллий ва ташқи бозорлар учун рақобатбардош маҳсулотлар етиштиришга хизмат қилмоқда.
Туман ҳокимининг таъкидлашича, Сирдарё дарёси бўйида 18 гектар ер майдонида дам олиш ва санаторий фаолияти учун мўлжалланган мажмуа қурилиши бошланган. Туркиялик инвесторлар иштирокида амалга оширилаётган 15 миллион долларлик ушбу лойиҳа тўлиқ ишга тушгач, 100 дан ортиқ иш ўрни яратилади. Ушбу объект мамлакатдаги энг йирик бешта туризм инфратузилма лойиҳаларидан бирига айланиши кутилмоқда.
Сайхунободда амалга оширилаётган лойиҳалар Президентимизнинг “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурининг амалий ифодаси бўлиб, аҳолини муносиб иш ўринлари билан таъминлаш, тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва маҳаллий маҳсулотлар ишлаб чиқаришга кўмаклашишни мақсад қилади.
Хулоса қилиб айтганда, Сайхунобод туманида инвестиция муҳити тобора яхшиланмоқда, саноат ва қишлоқ хўжалиги изчил ривожланмоқда. Давлат ва хусусий сектор ҳамкорлигида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар туфайли туман иқтисодиёти кўтарилмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири