Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 2 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида ҳар бир туман ва шаҳарни жадал ривожлантиришга мўлжалланган устувор йўналиш белгилаб берилган эди.
Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 ноябрда “2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Белгиланган вазифаларнинг муддатида, сифатли бажарилишини таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасининг 2020 йил II ярим йилга белгиланган иш режаси талабларининг ижросини таъминлаш мақсадида Қўнғирот ва Мўйноқ туманларида қишлоқ хўжалиги тармоғида инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши ҳолати ўрганилди.
Қўнғирот туманида аграр ҳамда озиқ-овқат соҳаларида 409 та янги иш ўрни ташкил этиладиган умумий қиймати 125 миллиард 25 миллион сўмлик жами 39 та лойиҳа режалаштирилган. Ушбу лойиҳалар асосан замоновий иссиқхона ташкил этиш, чорвачилик, ярим интенсив усулида балиқ етиштириш ва қишлоқ хўжалигининг бошқа тармоқларида амалга оширилмоқда.
Янги ишлаб чиқилган ва тасдиқланган мазкур 39 та лойиҳадан 32 тасининг жорий йилда амалга оширилиши белгиланган. Шундан масъул идоралар ҳамда ташаббускорлар томонидан кўрилган чоралар натижасида 28 миллиард 454 миллион сўмлик 19 та лойиҳа бугунги кунга бажарилган. Ушбу лойиҳалар ишга тушурилиши натижасида 55 та ўрнига 71 та янги иш ўрни яратилган. Қолган 118 миллиард 316 миллион сўмлик 20 та лойиҳа бўйича иш олиб борилмоқда. Шунинг ҳисобидан 354 та янги иш ўрни ташкил этилиши назарда тутилган.
Мўйноқ туманида замонавий иссиқхона ташкил этиш, чорвачилик, балиқ етиштириш ва қишлоқ хўжалигининг бошқа тармоқлари улушига тўғри келадиган 53 миллиард 475 миллион сўмлик, 26 та лойиҳа амалга оширилади. Шундан бугунги кунда 11 та лойиҳа ишга тушурилиб, 16 та янги иш ўрни яратилган.
Қолган 15 та лойиҳа бажарилмоқда. Уларнинг ишга туширилиши билан 143 та янги иш ўрни ташкил этилади.
–Мазкур лойиҳаларнинг амалга оширилиши ҳолати бўйича мониторинг олиб бориш юзасидан ҳокимликларга, инвестициялар ва сиртқи савдо бўлимлари ҳамда инспекциянинг туманлардаги масъулларига тегишли кўрсатмалар берилди, – дейди Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси Ташкилий-назорат ва таҳлил бўлими инспектори Мийрас Тлеумуратов.–Тармоқ жадвалларида белгиланган тадбирларнинг муддатида бажарилиши юзасидан ташаббускорлар билан мавжуд муаммоларни биргаликда кўриб бориш белгиланиб олинди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА