Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Инвестиция лойиҳалари самара бермоқда
19:21 / 2023-12-26

Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати, вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси томонидан Чуст туманининг Варзик қишлоғи ҳудудида бунёд этилган масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Siberian wellness Namangan” хорижий корхонасига пресс-тур ташки этилди.

Давлатимиз раҳбарининг кичик бизнес ва тадбиркорлик ривожига бераётган алоҳида эътибори туфайли Чуст туманида ҳам янгидан-янги инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Эътироф этиш лозимки, хорижий инвестицияларни жалб этиш ва уларни рўёбга чиқаришда Чуст нафақат вилоят, балки республикада ҳам юқори салмоққа эга бўлган туманлардан биридир. 

“Siberian wellness Namangan” қўшма корхонаси бундан уч йил муқаддам Россия Федерациясининг “Сибирское здоровье” компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилганди. Адирликлардан 405,5 гектар ер ажратилиб, интенсив усулда боғдорчилик хўжалигига асос солинди. 

– Аввало, Франциядан юқори навли бодом, ўрик, шафтоли, гилос, узум, олхўри ва нок дарахти кўчатлари келтирилиб, 263 гектар майдонга ўтқазиб, парваришланди, – дейди хўжалик иш юритувчиси Муҳаммадраҳим Мамажонов. – Бу ишларни бажариш учун 60 дан зиёд ишчи кучига таянилди. Ўтган йили қўшимча яна 105 гектар ерга ана шундай ниҳоллар экдик. Бир йил давомида янги ҳосилга кирган кўчатлардан 1,5 тонна бодом, 50,2 тонна шафтоли, 56 тонна ўрик ва 400 килограмм нок мевалари йиғиб олиниб, ички бозорда сотилди. Корхонада иш унумдорлигини ошириш мақсадида замонавий техника воситаларидан фойдаланилади. 

Лойиҳанинг иккинчи босқичи мева концентрати ишлаб чиқариш бўйича ҳам бир қадар ишлар амалга оширилди. “Наманган” эркин иқтисодий зонасидан ажратилган тўрт гектар майдонда бинолар қурилиб, сўнгги икки йил мобайнида Болгариядан келтирилган технологик ускуналар билан жиҳозланди. Махсус техникаларни ўрнатиш ишлари Беларусь ва Болгария мамлакатларининг тажрибали мутахассислари томонидан бажарилди. Шу йилнинг иккинчи ярмида ишлаб чиқарилган 17,5 минг долларлик олма концентрати қўшни Қирғиз Республикасига экспорт қилинди. 

Лойиҳанинг кейинги босқичларида эса 120 миллиард сўмлик биологик фаол қўшимчалар ҳамда 22 миллион долларлик пектин маҳсулотини ишлаб чиқариш режалаштирилган. Маҳсулотларни Марказий Осиё ва Европа давлатларига экспорт қилиш бўйича шартномалар тузиш устида иш олиб борилмоқда. Қўшма корхонада бир йил давомида умумий ҳолатда 3,5 минг тонна тайёр мева, 3 минг тонна мева шарбати ишлаб чиқарилади. 120 кишининг бандлиги таъминланган корхонада янги лойиҳалар ишга тушса, яна 85 та доимий иш ўрни яратилади. 

Бундан ташқари, тўрт гектарда қайта ишлаш корхонаси фаолияти йўлга қўйилди. Лойиҳанинг умумий қиймати 10 миллион доллар бўлиб, тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ҳисобланади. Айни пайтда йилига 3,5 минг тонна тайёр мева, 3 минг тонна мева шарбати ишлаб чиқарилмоқда. 

Оқилхон Дадабоев, ЎзАмухбири