Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Инвестиция лойиҳалари: маҳсулотлар экспорти сари дадил қадам
13:25 / 2024-07-24

Президент топшириғи амалда

Жорий йилнинг 17 июль куни Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишда ҳудудлар ва тармоқларда иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича биринчи ярим йиллик таҳлили ҳамда йил якунига қадар устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан муҳим вазифалар белгиланди.  

Тошкент вилоятида ҳам жорий йил 113 та ишлаб чиқариш лойиҳалари ҳисобига жами 1 миллиард 265,8 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитларни ўзлаштириш режа қилинган.  

Хусусан, Хитой, Россия, Германия, Сингапур ва Туркия каби давлатларнинг инвесторлари билан ҳамкорликда янги саноат корхоналари ишга туширилди. Масалан, Ангрен шаҳрида “Zhong peng ceramics group International” хорижий корхона томонидан керамик маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Нурафшон шаҳрида эса “Zhongdi decoration new materials CO” корхонаси томонидан профил ишлаб чиқариш жараёнлари бошланди.  

Шунингдек, Чирчиқ шаҳридаги “SHARQ TUBES” корхонаси томонидан Туркия, Озарбайжон ва Молдова давлатларига 30,6 миллион доллар мис труба маҳсулотлари экспорти амалга оширилди. Мазкур йўналишдаги саъй-ҳаракатлар таҳлил қилинганда, давлатлар кесимида Россияга 223,1 миллион, Туркияга 76,6 миллион ва Қозоғистонга 44,8 миллион доллар маҳсулот экспорт қилингани маълум бўлди. Ўз навбатида Тошкент вилоятида ишлаб чиқарилган 86 турдаги янги маҳсулотлар Бангладеш, Лаос, Непал, Япония каби давлатлар бозорига чиқарилди.  

Давлатимиз раҳбарининг тегишли топшириғига асосан, сўнгги пайтларда Тошкент вилояти делегацияси томонидан хорижга хизмат сафари ташкил этилиб, ўзаро иқтисодий ҳамкорлик алоқалари ўрнатилмоқда. Хусусан, ҳудуд ишбилармон вакиллари томонидан Хитой Халқ Республикасига ташрифи давомида қиймати 6,2 миллиард доллар жами 91 та инвестиция келишувларига эришилди.  

Олдинда режалаштирилган кўплаб лойиҳалар мавжуд. Шулардан бири Оҳангарон туманида мис, ноёб металлар ва бошқа маъданли минерал ресурсларни чуқур қайта ишлаш орқали электротехника, чарм-пойабзал саноатини ривожлантиришдир. Умуман олганда, соҳада олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар туфайли жорий йил якунида минглаб янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган.  

А.Мусаев,ЎзА.