French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Инвестиция кушандаси: коррупция бор жойда ривожланиш бўлмайди
18:28 / 2022-05-20

Самарқанд шаҳрида “Инвестицион фаолиятда коррупция ҳолатларининг олдини олиш ва унга қарши курашиш” мавзусида биринчи минтақавий семинар бўлиб ўтди.

Семинар БМТнинг гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси кўмагида коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда Бош прокуратура ҳамкорлигида “Ипак йўли иқтисодий макони бўйлаб жойлашган давлатларда БМТнинг коррупцияга қарши конвенциясининг амалга оширилишини қўллаб-қувватлаш орқали барқарор ривожланишга кўмаклашиш” лойиҳаси доирасида ташкил этилди.

БМТнинг гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича минтақавий бошқармаси вакили Ашита Миттал, Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиев, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов мазкур семинарни ўтказишдан кўзда тутилган мақсад, Ўзбекистонда ушбу йўналишда олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

Уч кун давом этган семинарда инвестицион лойиҳаларни тайёрлаш ва амалиётга жорий этишда коррупцион ҳуқуқбузарликларни текшириш (тергов қилиш), турли юрисдикцияларнинг тажрибаси ва стандартларига асосланган потенциал ечимлар ҳамда мазкур йўналишда асосий мақсад ва муаммолар, мавжуд ижобий амалиёт масалалари иштирокчилар эътибор марказида бўлди. “Ипак йўли иқтисодий макони бўйлаб жойлашган давлатларда БМТнинг коррупцияга қарши конвенциясининг амалга оширилишини қўллаб-қувватлаш орқали барқарор ривожланишга кўмаклашиш” лойиҳаси 2021 йил декабрь ойида Мисрда бўлиб ўтган БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясига аъзо давлатлар конференциясининг тўққизинчи сессияси доирасида расман ишга туширилган. Бугунги кунга қадар унга Албания, Арманистон, Озарбайжон, Босния ва Герцеговина, Хитой, Грузия, Греция, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Монголия, Черногория, Сербия, Тожикистон, Туркия ва Ўзбекистон қўшилган.

– Инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, инвестиция маблағларини жалб этиш ҳамда тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ қонун бузилиш ва коррупция ҳолатларининг олдини олиш мақсадида мамлакатимизда тизимли ишлар амалга оширилмоқда, – дейди Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиев. – Жумладан, прокуратура органлари томонидан ўтган йилда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолиятига тўсиқ бўлаётган омилларни бартараф этиш мақсадида 29 мингдан ортиқ тадбиркор ва инвесторларга амалий кўмак берилди. Кўрсатилган амалий кўмак натижасида, 16 мингдан ортиқ янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди. Етти мингга яқин корхонанинг фаолияти тикланди ва 28 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. Тадбиркорларнинг ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ 24 мингга яқин ҳолат аниқланиб, тегишли чоралар кўрилди. Жумладан, 885 нафар шахс интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилди.

Семинар давомида хорижий давлатлар вакилларининг инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда қонун устуворлигини таъминлаш ва коррупция ҳолатларининг олдини олиш борасидаги фикр-мулоҳазалари эшитилиб, ўзаро тажриба алмашилди.

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА