English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Инвестиция форумида Самарқанд тақдимоти
16:24 / 2023-10-18

Бутунжаҳон туризм ташкилоти (ЮНВТО) Бош Ассамблеясининг 25-сессияси доирасида ташкил этилган Глобал инвестиция форумида Самарқанд вилоятининг туристик ва инфратузилма салоҳияти тақдимоти ўтказилди.

Самарқанд вилояти ҳокимининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари Рустам Қобиловнинг қайд этишича, бугунги кунда вилоятда 700 дан ортиқ маданий мерос объекти сайёҳлар орасида оммалашиб бормоқда. Шу билан бирга туризмнинг гастро туризм, зиёрат туризми, этно туризм ва маданий туризм каби турлари ривожланиб бормоқда. Туризмнинг бошқа йўналишлари, жумладан, экстремал туризм, тиббиёт туризми, эко туризм ва таълим туризми каби турларини ривожлантириш учун катта имкониятлар мавжуд.

– Бугуни кунда вилоятимизда 10612 та ўринга эга 162 та меҳмонхона, 2131 ўринли 81 та хостел ва 3206 ўриндан иборат 350 та оилавий меҳмон уйи ҳамда 257 та туроператор ва турагнет фаолият юритмоқда. Сўнгги 3 йилда уларнинг сони 2 баравар ошди, – дейди Р.Қобилов. – Самарқанд шаҳрининг туризм инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида бунёд этилган “Silk Road Samarkand” туризм марказида туризмнинг барча йўналишларида хизмат кўрсатиш имкониятлари яратилди. Янгиланган Самарқанд халқаро аэропортида ҳаво эркинлигининг бешинчи даражаси жорий этилди ва хорижий авиакомпаниялар учун чекловлар олиб ташланди. Мазкур аэропорт бир кунда 20 та авиақатновни қабул қилиш, йилига 1,5 миллион сайёҳга хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлди. Бунинг натижасида 2022 йилда Самарқандга дунёнинг 152 мамлакатидан ташриф буюрган сайёҳлар сони ўтган беш йил билан солиштирганда 11 баробарга ошди. Сайёҳлик экспорти ҳажми 200 миллион доллардан ортиқни ташкил этди.

[gallery-14089]

Қайд этилишича, айни пайтда вилоятда хорижий давлатлар иштирокида 750 та қўшма ва хорижий корхона фаолият олиб бораётган бўлиб, шу йилнинг якунига қадар 1 миллиард 200 миллион долларлик хорижий инвестицияларни жалб этиш юзасидан келишувларга эришилган. Бу кўрсаткичларни иқтисодиётнинг барча йўналишларида, айниқса, туризм хизматлари кўрсатиш соҳасида бир неча баробар ошириш имконияти мавжудлиги таъкидланди.

Глобал инвестиция форуми доирасида Самарқанд вилоятида туризм ва соҳа инфратузилмасини янада ривожлантириш юзасидан 700 миллион АҚШ долларидан ортиқ миқдордаги шартномалар имзоланди.

Жумладан, Хитойнинг Шэньси провинциясидаги туризм компанияси билан қадимий Буюк ипак йўлида туризмни кенгайтириш бўйича келишувга эришилди.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),

ЎзА мухбирлари