Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Инвестиция форумида 11 миллиард долларлик 164 та келишув имзоланди
22:43 / 2023-04-29

Пойтахтимизда АҚШ, Буюк Британия, Туркия, Хитой, Ҳиндистон, Миср, шунингдек Жануби-Шарқий Осиё, Европа Иттифоқи, МДҲ, Яқин Шарқ мамлакатларидан 2,5 мингдан зиёд иштирокчини бирлаштирган II Тошкент халқаро инвестиция форуми якунланди.

Икки кун давом этган анжуманда қишлоқ хўжалиги, қурилиш, яшил технология, тўқимачилик, чарм ва ипак саноати, банк, молия, кимё технологияси, рақамлаштириш каби турли йўналишларни қамраб олган 30 га яқин мунозара, давра суҳбати, учрашув бўлиб ўтди.

Масалан, Замонавий қурилиш ва қурилиш материаллари саноати мавзусидаги мунозарада ушбу йўналиш иқтисодиёт соҳасининг жадал ривожланаётган тармоғи экани таъкидланди. Шу билан бирга узлуксиз равишда янги технология пайдо бўлиши, шунингдек, ташқи инқироз шароитида саноат доимо ўзгариб туради. Яқин келажакда қурилиш саноати ресурсларни авайлаш, уй-жой хавфсизлиги ва қулай яшаш муҳитини яратишга қаратилган “яшил” стандарт ва технологияга кўпроқ эътибор қаратади.

Мутахассислар фикрича, қурилишда яшил технологиядан фойдаланишни ҳисобга олган ҳолда, соҳага хусусий уй хўжалигини кўпроқ жалб қилиш зарур.

Яна бир сессия беқиёс инвестицион салоҳиятга эга бўлган тўқимачилик, чарм ва ипак саноатига бағишланди.

Умуман, тадбир доирасида мамлакатимиз иқтисодиёти, ижтимоий ривожланишига қаратилган қатор самарали, фойдали битим ва шартномалар тузилди. Хусусан, “Асакабанк” АЖ ҳамда Германиянинг “Landesbank Hessen-Thüringen” банки ўртасида қиймати 30 миллион долларга тенг Кичик бизнес ва тадбиркорликни молиялаштириш учун ҳамкорлик тўғрисида келишув имзоланди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Франциянинг “SLT” компанияси 6 миллион долларлик Ўзбекистондаги сут ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи заводни сотиб олишни кўзда тутувчи меморандумни маъқуллади. “Ўзбек геология қидирув” АЖ ҳамда Россиянинг “Олтин Кон” МЧЖ ҚК ўртасида 18 миллион доллар қийматга эга Кулжуктов тоғ массивини геологик ўрганиш тўғрисидаги ҳужжат қабул қилинди.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳамда Хитойнинг “Youdi Biotech Co.Ltd” компанияси ўртасида имзоланган, 40 миллион долларга тенг яна бир аҳамиятли ҳужжат “Tashkent Pharma Park” инновацион ишлаб чиқариш фармацевтика кластери ҳудудида қаттиқ турдаги дори воситалари тайёрлашни назарда тутади.

Қайд этиш керак, биринчи форум доирасида жами 7,8 миллиард долларлик 105 та ҳужжат имзоланган бўлса, жорий йил “ТХИФ-2023” доирасида 164 та келишув ва шартнома имзоланди, мазкур ҳужжатларнинг умумий қиймати 11 миллиард долларга етди.

Самарали келишувга эришган йирик хорижий корхоналар рўйхатига “Gezhouba Invest” (XXR), “Cengiz Energy” (Туркия), “Al Bawani Company”, “SAJCO” (SAP), “Lasselsberger Group” (Австрия), “Dewan cement” (Покистон), “Mareven Food” (Вьетнам), “Commerzbank AG”, “KfW IPEX-Bank”, “Landesbank” (Германия), “Cadila Pharmaceuticals” (Ҳиндистон) ва бошқа компанияларни киритиш мумкин.

Эришилган келишувларни вақтида ва сифатли амалга ошириш мақсадида ишлаб чиқилган “Йўл харитаси”да ҳар бир лойиҳанинг ижрочиси ва бажарилиш муддати аниқ белгилаб қўйилди.

Эътиборли жиҳати, бундай ҳужжатлар келгусида мамлакатимизни иқтисодий, ижтимоий ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, бир сўз билан айтганда, аҳоли фаровонлиги таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятли.

Гўзал Сатторова, ЎзА