Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “2021 йилда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича амалга ошириладиган истиқболли инвестиция лойиҳалар” мавзуида матбуот анжумани ўтказилди.
"Ўзсаноатқурилишматериаллари" уюшмаси томонидан ташкил этилган тадбирда Президентимизнинг 2020 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2021-2023 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Уюшма матбуот хизмати раҳбари Жамшид Шерметовнинг қайд этишича, мазкур қарорга асосан “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмасининг инвестиция дастури бўйича умумий қиймати 469 миллион долларлик 31 инвестиция лойиҳаси амалиётга татбиқ этилмоқда.
– Аҳамиятли жиҳати шуки, 2021 йилнинг ўзида жами 327,6 миллион доллар ўзлаштирилиши режалаштирилган бўлиб, ушбу маблағнинг 215 миллион доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар ҳисобига тўғри келади, – деди Ж.Шерметов. – Бу йирик лойиҳалар асосан Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Фарғона, Сурхондарё, Жиззах, Самарқанд, Бухоро ва Тошкент вилоятларида ҳамда Тошкент шаҳрида амалга оширилади.
Масалан, "Қизилқумцемент" акциядорлик жамиятида амалга оширилган лойиҳа энг йирик лойиҳа ҳисобланади. Корхонада умумий қиймати 126 миллион доллар бўлган клинкер ишлаб чиқариш янги 4-линияси ишга туширилади. Натижада корхона йиллик цемент ишлаб чиқариш қуввати 2,2 миллион тоннага ортиб, жами 5,5 миллион тоннага етказилади. Айни чоғда бу ерда қурилиш-монтаж ишлари бажарилмоқда, асбоб-ускуналар буюртма асосида хорижда тайёрланмоқда. Шунингдек, Навоий вилоятида "PETRAWOOL" МЧЖ шаклидаги қўшма корхонада базальт тошидан иссиқлик сақловчи плиталар ишлаб чиқариш (умумий қиймати 18,2 миллион доллар), Томди туманида "Мега кварц" МЧЖда кварц қумини қазиб олиш ва қайта ишлаш (умумий қиймати 3,9 миллион доллар) каби лойиҳалар ишга туширилиши кўзда тутилган.
Матбуот анжуманида қайд этилганидек, мазкур инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши юртимизда қурилиш материалларига бўлган талабни қондириш билан бир қаторда, аҳоли ва ёшларнинг бандлигини таъминлашда ҳам муҳимдир. Биргина Қорақалпоғистон Республикасида йилига қўшимча 1 миллион тонна цемент ишлаб чиқариш бўйича "Қорақалпоқцемент" МЧЖ ҚКда қиймати 50 миллион долларлик йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши ва унинг 3-босқичи фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган. Бу ишлар натижасида цемент ишлаб чиқариш қуввати 1,4 миллион тоннага етказилиб, юздан зиёд янги иш ўрни яратилади.
– Қурилиш саноатида инвестицион лойиҳаларни жалб этиш жуда фойдали, – деди Уюшма бошқарма бошлиғи Баҳром Аллаберганов. – Шу сабабли, уюшмамиз томонидан бу борада яхши натижаларга эришилмоқда. Бугунги кунда 31 та ана шундай лойиҳа мамлакатимизнинг деярли барча ҳудудини қамраб олган. Фарғона вилоятини олайлик, бу ерда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича 5 лойиҳага 50 миллион долларлик инвестиция жалб этилиб, "Кнауф Гипс Фергана" хорижий корхонасида гипсокартон листлари, "Flat Tile" жамиятида керамогранит ва металлогранит, "Agro Impex Valley" жамиятида метал конструкциялар, "Азамат савдо Зиё" ва "Ulugbek export trade" жамиятида мих ва бурама михлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилишини алоҳида айтиб ўтиш лозим.
Тадбирда уюшма масъуллари Тошкент шаҳри, шунингдек, Тошкент, Сирдарё, Сурхондарё, Навоий вилоятларидаги бу каби лойиҳалар ва уларнинг юртимиз қурилиш саноатидаги аҳамияти ҳақида атрофлича маълумот берди.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА,
ЎзА