Учқудуқ туманидаги Шимолий кон бошқармаси Навоий кон-металлургия комбинатининг энг йирик бўлинмаларидан бири бўлиб, унинг таркибида чидамли олтин-сульфидли рудаларни қайта ишлаш бўйича дунёдаги энг йирик корхоналардан саналадиган 3-гидрометаллургия заводи ҳамда йилига 5 миллион тонна руда қайта ишлаш қувватига эга 5-гидрометаллургия заводи фаолият юритади. Уларда “Қоқпатас”, “Довғизтов”, “Турбай”, “Ауминзо-Амантой”, “Ҳожибўғот” конларидан келтириладиган маъданлар қайта ишланади. Бошқарма таркибида автомобиль транспорти, темир йўл хўжалиги, шунингдек, ўндан ортиқ цех ва лабораториялар мавжуд бўлиб, 14 мингдан зиёд мутахассис меҳнат қилади.
– Сўнгги саккиз йил ичида бошқарма фаолиятида туб ўзгаришлар амалга оширилди, – дейди Шимолий кон бошқармаси бош муҳандиси Бобир Сайфиддинов. – Айниқса, “Қоқпатас ва Довғистов” конларида маъдан қазиб олиш лойиҳасининг амалга оширилиши натижасида қазиб олиш қуввати йилига 132 миллион куб метрга етди. Маъданни қайта ишлаш ҳажми эса 15 миллион тоннага ошди. Бу ўзгаришлар бошқармани НКМК таркибидаги илғор бўлинмалардан бирига айлантирди.


“Қоқпатас ва Довғистов олтин конларида маъдан қазиб олиш (III навбати)” инвестиция лойиҳаси доирасида 3-гидрометаллургия заводида 7- ва 8-тегирмон блоклари ишга туширилиб, заводнинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 10 миллион тоннага етказилди. Флотация цехи кенгайтирилиши натижасида бир суткали қайта ишлаш ҳажми 23 минг тоннадан 28 минг тоннага ошди. Шунингдек, заводдаги биоксидлаш цехида 9- ва 10-модуллар ишга туширилиб, амалдаги 48 та биореакторга қўшимча 12 та биореактор қўшилди. Бу эса сульфид концентратлари ишлаб чиқаришни 25 фоизга, тайёр маҳсулот ҳажмини эса 12 фоизга кўпайтириш имконини берди.
2024-2026 йилларга мўлжалланган кенг қамровли ишлар доирасида 3-ГМЗ учун капитал қурилиш-монтаж ишларига 66 минг доллар, замонавий кон техникалари ва ускуналар харид қилишга 221 минг доллар йўналтирилди. Шу билан бирга, бошқарма барқарор энергия манбаларига ўтишни йўлга қўйиб, қуввати 2550 кВт бўлган қуёш фотоэлектр станциясини ишга туширди ва ишлаб чиқариш объектларига 1210 та қуёш коллекторлари ўрнатилди.


“Феруза” ним станциясида олиб борилаётган модернизация ишлари ишлаб чиқариш жараёни хавфсизлиги ва барқарорлигига хизмат қилмоқда.
2025 йилда “Довғистов” конида 45 миллион куб метр кон массасини қазиб олиш режалаштирилган бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан 25 фоизга кўп дегани. “Қоқпатас” конида эса қазиб олиш ҳажми 38 миллион куб метрдан 57 миллион куб метрга оширилди.

Инвестиция лойиҳалари нафақат кончилик соҳасини, балки ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий инфратузилмасини ҳам ривожлантирмоқда. Лойиҳа доирасида 1308 та янги иш ўрни яратилди. Ишчилар учун қулай шароит яратиш мақсадида Қизилқум чўлининг марказидаги “Довғистов” конида 174 ўринли ётоқхона, 80 ўринли ошхона, 154 ўринли ювиниш ва кийиниш хоналари барпо этилди. Шунингдек, “Қоқпатас” конида 250 ўринли ошхона ва 3-ГМЗ ҳудудида марказий лабораториянинг янги биноси фойдаланишга топширилди.
НКМК 2030 йилга бориб 125 тонна олтин ишлаб чиқаришни мўлжалламоқда. Бугунги кунда Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги томонидан “Қоқпатас” ва “Довғизтов” конларининг III навбати бўйича геология-қидирув ишлари олиб борилмоқда. “Довғизтов”да 17,9 миллион тонна, “Қоқпатас”да эса тахминан 31 миллион тонна олтин таркибли маъдан захираси тасдиқланиши кутилаётгани эса ҳудудда истиқболли лойиҳаларнинг давом этишидан далолат беради.
Абдували Бўриев, ЎзА мухбири