Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 февралдаги “Фарғона ИЭМ ҳудудида ва Фарғона шаҳар қозонхонаси РК-3 да юқори самарали когенерацион газ турбина қурилмалари технологиясини татбиқ этиш чоралари тўғрисида”ги қарори ижросида 17 МВт қувватли юқори самарали когенерацион газ турбина технологияларини жорий этиш инвестицион лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Давлат раҳбари қарорига асосан амалиётга татбиқ этилаётган лойиҳа жараёнлари билан танишиш мақсадида “Фарғона ИЭМ” АЖда олиб борилаётган модернизация ишлари ва инвестиция лойиҳалари натижадорлиги бўйича оммавий ахборот воситалари, журналист ва блогерлар учун пресс-тур ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Энергетика вазирлиги ва унинг ҳузуридаги “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамияти ҳамкорлигида уюштирилган тадбир иштирокчилари дастлаб Фарғона шаҳар РК-3 қозонхонаси ёнида барпо этилган юқори самарали когенерацион газ турбина технологиялари фаолияти билан танишди.

Мазкур лойиҳа “Иссиклик электр станциялари” АЖ ташаббуси билан, шунингдек, “Фарғона ИЭМ” АЖ буюртмачи, “Иссиқлик электр лойиҳа” АЖ бош лойиҳачи ва “Ўзбекгидроэнергоқурилиш” АЖ бош пудратчи сифатида иштирок этмоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати 83 626,3 минг АҚШ доллари бўлиб, шундан Япония давлатининг грант маблағи ҳисобидан 49 563,8 минг АҚШ доллари ва 34 062,5 минг АҚШ доллари эса “Фарғона ИЭМ” АЖнинг ўз маблағи ҳисобига тўғри келади.
– Президентимизнинг 2017 йил 21 февралдаги қарорига асосан корхона томонидан 7 МВт ва 17 МВт, жами 24 МВт қувватга эга юқори самарали когенерацион газ турбина қурилмаларини қуриб фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган, – деди “Фарғона ИЭМ” АЖ бош директори Фарҳоджон Абдураҳмонов. – Мазкур лойиҳанинг 1-босқичида Япония давлатидан олиб келинган энг замонавий технологиялар асосида юқори самарали 7 МВт қувватга эга газ турбина қурилмаси 2019 йилнинг декабрь ойида қуриб битказилиб фойдаланишга топширилди. Шу кунгача 25,9 млн. КВт электр энергияси ишлаб чиқарилиб тармоққа узатилди ва 33,2 минг Гкал иссиқлик энергияси Фарғона шаҳрининг Абдулла Қодирий мавзеси аҳолиси ва ижтимоий соҳа объектларига етказиб берилди.
Таъкидлаш керакки, “Фарғона иссиқлик электр маркази” акциядорлик жамияти 1956 йилда ишга туширилган. 82 гектар майдонни ўз ичига олган корхонанинг электр энергия ишлаб чиқариш қуввати 305 МВт, иссиқлик қуввати 1421 Гкал/соатни ташкил этади.
Ўзининг 800 нафар ишчи-ходимига эга бу марказ Фарғона шаҳридаги йирик саноат корхоналаридан бири бўлиб, йирик саноат корхоналарини ва аҳолини узлуксиз электр ва иссиқлик энергияси билан таъминлашдан иборат. Корхонада бугунги кунда буғ ишлаб чикарувчи 6 та қозон агрегати, 6 та турбогенератор ва 9 та куч трансформаторлари мавжуд. Асосий ёқилғи сифатида табиий газ ва захира ёқилғи сифатида мазутдан фойдаланилади. Бу ерда ишлаб чиқарилган электр энергияси тўртта 110 кВ системали ҳаво линиялари орқали тармоққа узатилади.
Аҳамиятли жиҳати, жамият томонидан 2020-2021 йиллари куз-қиш мавсумига пухта тараддуд кўрилгани бўйича ҳам пресс-тур иштирокчиларига атрофлича маълумот берилди. Маълум қилинишича, 2 та қозон агрегати мукаммал таъмирдан чиқарилган бўлса, 4 та қозон агрегати, 3 та турбогенератор, буғлаш қурилмалари, шунингдек, газ тақсимлаш пункти (ГРП) тармоқлари жорий таъмирдан чиқарилган. Аҳолига иссиқ сув етказиб берувчи СЭ 1250-140 русумидаги 8 дона (ЗСН) насослар ва чиқиш арматуралари ҳамда инвестицион лойиҳа асосида барпо этилиб, 2019 йилда фойдаланишга топширилган 7 МВт қувватга эга юқори самарали газ турбина курилмасининг ҳолати кўздан кечирилиб, куз-қиш мавсумига тайёр ҳолга келтирилган.
– Янги йил олдида лойиҳанинг иккинчи босқичини ишга тушириш арафасида турибмиз, – деди “Фарғона иссиқлик электр маркази” акциядорлик жамияти техник директори Баҳодир Нуриддинов. – Ўйлаймизки, бундай янгилик аҳоли ва истеъмолчилар учун яна бир имкониятдир. Ҳозирги кунда корхонамиз ҳудудида 17 МВт қувватга эга газ турбина қурилмасининг якуний қурилиш-монтаж ишларини амалга оширилмоқда. Ушбу қурилма лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларига кўра, 2021 йил март ойида қуриб битказилиб ишга туширилиши белгиланган бўлишига қарамай, “Иссиқлик электр станциялари” АЖ ва корхонанинг режа графигига асосан декабрь ойида биринчи синов ўт ёқиш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган. Эътиборли жиҳати, ушбу когенерацион газ турбина қурилмалари юқори тежамкор ҳисобланиб, тўлиқ ишга туширилиши натижасида шартли ёқилғи сарфи камайишига, йилига қўшимча 197,04 млн. кВт/соат электр энергияси, 214,08 Гкал/соат иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилиши, табиий газ истеъмоли 3,2 млн. м3 иқтисод қилинишига ҳамда 125 та янги иш ўрни яратилишига имкон беради.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА