Коррупция мамлакатлар тараққиёти, аҳоли фаровонлиги, жамият ҳаётининг турли соҳалари равнақига тўсиқ бўлувчи таҳдидли иллат саналади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнида мамлакатимизда коррупция, иқтисодий жиноятларга қарши кураш олиб бориш масаласига устувор йўналишлар сифатида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон Респубикасининг 2016 йилда қабул қилинган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни бу борадаги амалий ишларни давр руҳига мос тарзда йўлга қўйишда, иқтисодий жиноятларга барҳам беришда муҳим омил бўлмоқда.
Қонунийлик, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги, очиқлик ва шаффофлик, тизимлилик, давлат ва фуқаролик жамиятининг ҳамкорлиги, коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар устуворлиги, жавобгарликнинг муқаррарлиги коррупцияга қарши кураш олиб бориш борасидаги ишларда асосий тамойиллардан саналади.
[gallery-26737]
Ўзбекистон Республикаси “Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки” акциядорлик жамиятининг Тошкент шаҳридаги Академия Банк хизматлари марказида ходимлар учун ташкил этилган семинар давомида ана шулар хусусида батафсил сўз юритилди.
Семинарда эътироф этилганидек, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар юзасидан тизимли ишлар бажарилмоқда. Шу билан бирга коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, бундай ҳолатларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлашга катта аҳамият қаратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси “Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки” акциадорлик жамияти наинки мамлакатимизда, балки халқаро миқёсда ҳам нуфузга, алоҳида мавқега, ишончли ҳамкорларга эга молиявий тузилма саналади. Банк ва унинг жойлардаги филиалларида, банк хизмати марказларида ишни тўғри, ҳалол ташкил этиш ушбу ташкилот фаолиятининг самарадорлигида, унинг обрўси ва нуфузида, одамлар ишончига сазовор бўлишда етакчи ўрин эгаллайди.
Семинар давомида масъул ходимлар томонидан ҳар бир ходимнинг ҳалол, софдил, ўз вазифасига катта масъулият, қатъий тартиб-интизом асосида, виждонан ёндошиши, мижозларга ҳурматда бўлиши муҳимлиги хусусида фикр юритилди.
Бу каби тадбирлар Ўзбекистон Республикаси “Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки” акциадорлик жамияти томонидан мазкур молиявий тузилманинг барча филиалларида, банк хизмати кўрсатиш марказларида ўтказилмоқда.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири