Сайёт Қосимов, Когон туманидаги “Kogon Mars Plyus” МЧЖ раҳбари, “Шуҳрат” медали соҳиби:
– Мамлакатимизда кичик, ўрта бизнес вакиллари, умуман соҳа ходимлари учун кенг имкониятларнинг яратиб берилаётганлиги тадбиркорликни ривожлантиришнинг янги уфқларини очмоқда.
Бухоро вилояти Когон туманининг “Туткунда” маҳалла фуқаролар йиғинида 2007 йилда ташкил этилган масъулияти чекланган жамиятда нефть-газ соҳасида ишлатиладиган ускуналарни таъмирлаш ва улар учун эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарилмоқда.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 20 август санасининг юртимизда тадбиркорлар куни сифатида нишонлаб келинаётганлиги, соҳанинг пешқадам вакиллари билан Президентимиз учрашувлари ўтказилаётганлиги мавжуд муаммо ва камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш имконини бермоқда. Бундай юзма-юз, самимий ва дилдан суҳбатларни барча ҳамкасбларим қатори алоҳида интиқлик ва сабрсизлик билан кутаман. Сабаби, шундай учрашувларда кўнглимиздаги асосий режа ва мақсадларимиз бутун мазмун-моҳияти билан ўртага ташланади, тадбиркорларнинг мурожаатлари инобатга олинган ҳолда тегишли мутасаддиларга топшириқлар берилади.
Корхонамизда 54 та иш ўрни яратилган бўлиб, корхонанинг йиллик айланмаси йилдан-йилга ошиб бормоқда. Агар 2023 йилда бу борадаги кўрсаткич 13271,5 миллион сўмни ташкил этган бўлса, 2024 йил охирига бориб йиллик айланма 17758,4 миллион сўмга етди. Корхонамиз бўйича ишлаб чиқилган янги лойиҳага мувофиқ эса 2,20 гектар майдоннинг 2900 квадрат метрида маъмурий ва ишлаб чиқариш бинолари барпо этилади. 50 миллиард сўмлик лойиҳа ижроси таъминлангач, 120 та янги иш ўрни яратилиб, маҳаллий аҳоли вакилларининг бандлиги таъминланади.
Президентимиз иштирокида ўтказилган бу йилги очиқ мулоқотда билдирилган ўринли таклиф, ташаббус ва истиқболли ғоялар ва уларнинг амалдаги ижроси барча тадбиркорлар қатори мени ҳам ўз фаолиятимда янги марраларни қўлга киритишимга даъват этади. Бу йилги Тадбиркорлар куни арафасида эса бир гуруҳ ҳамкасбларим қатори “Шуҳрат” медали билан тақдирланганлигим камтарона меҳнатларимга берилган муносиб баҳодир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири ёзиб олди.