Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Интилганга толе ёр!
13:52 / 2023-06-01

– Болалигимда ота-оналар фарзандига турли ўйинчоқлар олиб берганига кўп гувоҳ бўлганман, – дея хотирлайди Бекзод Исомиддинов.– Менинг дадам эса доим уйга ўқув қуроллари, китоблар билан кириб келарди. Тўғриси, ўша пайтлари бироз хафа ҳам бўлардим. Ҳозир эса отамдан фақат миннатдорман!

32 ёшли Бекзод кўпчилик орзу қиладиган натижаларни қўлга киритишга улгурган, юрак жарроҳлиги бўйича етук мутахассис. У Бухоро давлат тиббиёт институтини тамомлагач, Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази вилоят филиалига микрохирург бўлиб ишга жойлашди. Нисбатан қисқа вақтда билими, маҳорати ва тажрибасини кўрсатиб, ўта мураккаб жарроҳлик амалиётларини ҳам бажара бошлади.

Самимий ва камтар Бекзод ҳозирги ютуқларининг бари болаликда олинган пухта билим, ота-онасининг машаққатли меҳнати самараси, деб билади.

– Зиёли оилада туғилганим сабабли уйимизда ўқиш асосий машғулот, олий таълим муассасасига кириш эса ҳаёт-мамот масаласи эди, – дейди Бекзод Исомиддинов. – Мактабда, кейин туманимиздаги иқтидорли болалар мактаб-интернатида аъло ўқиб, 2008 йил Бухоро давлат тиббиёт институтига грант асосида қабул қилиндим. Асосий миссияни уддаладим, марра чизиғига етиб келдим, деб ўйлагандим ўшанда. Йўқ, бу бошланиши экан, аслида. “Талабалик – олтин даврим” ибораси тиббиёт олийгоҳларига тўғри келмайди, деб ўйлайман. Зеро, кучли шифокор бўлишни истаган талаба, дарсдан ташқари, ўз устида тинимсиз ишлаши керак. Айниқса, магистратура даврида...

“Фақат назарий билим билан чекланган талабадан моҳир жарроҳ чиқмайди”, дейишарди устозларимиз. Шу сабабли мудом касалхона ҳаёти билан яшардик.

Соҳамизга доир, аксарияти рус ёки инглиз тилидаги, илмий адабиёт намуналарини пухта ўзлаштира бошладим, чет мамлакатда ўқиш мақсадида инглиз тилини ўрганишга киришдим. Хорижда таҳсил олиш моддий омилга бориб тақалгач, бу орзу орзулигича қолиб кетса керак, деб ўйлаганман.

Сир эмас, вилоятларда малакали шифокорларга, айниқса, микрохирургия мутахассисларига эҳтиёж кучли. Шу боис Бекзод магистратура даврида ва кейин Шифокорлар малакасини ошириш институтида 5 ойлик махсус курсда ўқиб, айнан шу йўналишдаги жарроҳлик амалиёти сирларини ўзлаштирди. Натижада ёш бўлса ҳам мустақил операция қилиш имкони туғилди. Ёш кадр қон томири ва кичик асаб толалари жароҳати билан боғлиқ ўта нозик жарроҳлик амалиётини самарали амалга оширди.

Шундан сўнг Бекзод нафақат бирин-кетин муваффақиятли операцияларни бажарди, балки ушбу амалиётлар асосида талабалар учун тақдимот ўтказа бошлади. Илмий, амалий изланишлари, билими ва тажрибаси билан кўпчиликнинг эътиборига тушган иқтидорли мутахассис Бухоро давлат тиббиёт университетига ишга таклиф қилинди.

– Меҳнатлар самара бера бошлади, – дея суҳбатимизни давом эттирди Бекзод. – Фаолиятимга кўпчилик ҳавас қилса-да, ўзимдан тўлиқ қониқмасдим. Кардиохирург бўлишдек орзу ҳали ушалмаган эди ва бунинг учун фақат хорижда ўқишим керак, деб ҳисоблардим.

“Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиясини қўлга киритиш дунёнинг энг нуфузли 300 университетига кириш имконини бериши ҳақида кўп эшитгандим. Хуллас, тиббиёт бўйича машҳур университетлар профессорларини излаб топиб, уларнинг электрон манзилларига мактуб ёзиб, қизиқишларимни билдирдим ва ўзимга тегишли маълумотларни юбордим. Бир куни “Queen Mary university of London”да ишловчи кардиохирург-профессордан жавоб келди. Хатда менинг номзодим маъқул тушгани, агар илмий изланиш олиб борсам, илмий раҳбар бўлишга рози экани ёзилган эди. Тўғриси, кўзларимга ишонмадим. Зудлик билан барча зарур ҳужжатларни, илмий гипотезамни ушбу университет платформасига юкладим. Тез орада суҳбат вақти белгиланди ва мулоқотдан бир неча кун ўтиб, ўқишга қабул қилинганим тўғрисида мактуб олдим. Хурсандлигимнинг чеки йўқ эди, чунки кўп йиллик ниятим амалга ошган эди.

Шу тариқа Бекзод “Эл-юрт умиди” жамғармаси кўмагида Буюк Британиянинг “Queen Mary university of London” таълим муассасаси докторантура босқичида ўқиш имконига эга бўлди. Ҳозир у мазкур даргоҳда юрак-қон томир касалликлари бўйича изланиш олиб боряпти. Европадаги энг йирик юрак касалликлари марказларидан бири – Бартоломей (Bart's hospital)да тажрибасини оширяпти.

– Ўқийман, изланаман, дея ўз олдига мақсад аниқ қўйган инсон, албатта, орзулари рўёбини кўради, – дейди Бекзод. – Кучли билимга эга талаба учун нафақат юртимизда, балки хорижда ҳам бемалол таҳсил олиб, малакали мутахассис бўлиб етишиш имконияти етарли ҳозир. “Эл-юрт умиди” жамғармаси эса изланувчан ёшларимизга том маънода қанот, суянч бўлмоқда. Мен каби юзлаб ёшлар орзуси ушаляпти. Давлатимиз томонидан ўқиш учун барча шароит яратиб берилганидан миннатдормиз. Менга билдирилган ишонч, кўрсатилган моддий ва маънавий ёрдамни меҳнат билан оқлашга ваъда бераман. Келажакда етук мутахассис сифатида жамият ривожи учун хизмат қилиб, соҳада мактаб яратиш, юртимизни кардиохирургия бўйича ҳам ривожланган мамлакатлар қаторига олиб чиқишни мақсад қилганман.

Сўзим якунида хорижда ўқиш ёки ишлаш орзусида бўлган тенгдошларимга, ёшларга хорижий тилларни эрта ва пухта ўрганишни тавсия қилган бўлар эдим. Тарихимизда буюк инсонлар бисёр. Афсуски, ҳозир биз кўплаб замонавий илмларни хорижий мамлакатлардан ўрганяпмиз. Аслида, биз улуғ аждодлар авлоди эканлигимиздан фахрланиш билан чекланиб қолишимиз керак эмас. Балки, муносиб ворис сифатида улар ёритиб кетган йўлдан дадил одимлашимиз, бутун дунёга юртимиз довруғини ёйишда давом этишимиз керак.

Гўзал Сатторова суҳбатлашди.

ЎзА