English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Интернетдаги бахтлилар ёхуд саробга алданаётганлар
17:22 / 2024-08-22

Авваллари, кишиларнинг севимли касбига эга бўлиши, оила қуриши, фарзанд кўриши, яқинлар ўртасидаги меҳр-оқибат ришталарига бахт сифатида қаралган бўлса, бугуннинг кишилари ўзгаларнинг ҳаётида содир бўлаётган ишларни смартфон ёки гаджетлар орқали кўриб, «бахт» деб ҳисобламоқда.

Хўш, ижтимоий тармоқлардаги «бахтлилар»нинг асл мақсади нима? 

Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти илмий ходими, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети таянч докторанти Нигора Ҳусанова ижтимоий тармоқлардаги шундай ҳолатни ўрганди ва бу ҳақда мулоҳазаларини билдирди. 

– Бугунги кунда айрим ёшларнинг ўз ҳаётидан кўнгли тўлмаслиги яъни шахсий ҳаётидан норозилик кайфиятининг келиб чиқишига нималар сабаб бўлмоқда, деб ўйлайсиз? 

– Ижтимоий тармоқлар орқали ўзгалар ҳаётини кузатиб ўтирган аксарият кишиларда ўқишидан, касбидан, фарзандларидан, ота-онасидан тортиб турмуш ўртоғидан ҳам кўнгли тўлмаслик ҳамда норозилик, яъни бахтсизлик кайфияти уйғонмоқда. Шунингдек, айрим ота-оналарда болаларининг ташқи қиёфасидан тортиб, жисмоний ҳолатигача ўзгаларнинг фарзандларига таққослаш, солиштириш ҳолатлари кучаймоқда. Масалан, вояга етмаган блогерни ўз болаларига ибрат ва намуна қилиб кўрсатмоқда. 

Ёки машҳур кишиларнинг саҳифаларига ҳар куни жойланувчи эрталабки нонушталари, кийим кечаклари, ўзгалар томонидан юборилган хуфиёна гуллар ёки турмуш ўртоғи томонидан олиб берилган автомобиль, уй каби қимматбаҳо совғалари, фарзандлари томонидан Умра ва Ҳаж сафарлари, хорижга саёҳат чипталари совға қилиниши каби лавҳалар доимий кузатиб борилмоқда. Натижада оддий томошабин бўлган кишиларни кун сайин ўз шахсий ҳаётидан норозилик кайфияти ҳамда қалб исёнлари энди реал ҳаётга кўчиб, ҳақиқий исёнларни ҳақиқий бахтсизликни келтириб чиқариш ҳолатлари тез-тез кузатилмоқда. 

– Бундай ҳолатлар оилавий келишмовчиликларга ҳам сабаб бўлмаяптими? 

– Бўляпти. Кишилар ҳаётининг бир бўлагига айланиб улгурган ижтимоий тармоқларда яратилган лавҳалар кетидан айрим одамлар даромад орттираётган бўлса, саробни рўё деб билган минглаб, миллионлаб оилаларнинг парчаланиши, ажрим ёқасига келиб қолишига сабаб бўлмоқда. 

– Ижтимоий тармоқлардаги қаҳрамонлар ҳақиқатан ҳам реал ҳаётда бахтлими, молиявий эркинликка эриша олганми? 

– Биз, ҳар куни кузатиб бораётган инстаграм ёки телеграм қаҳрамонларимиз, доим ҳам бахтли бўлавермайди. Улар яшаётган уйлар вақтинчалик, офислар ижарада, бошқараётган автомобиллари маълум соатга банд қилинган, гуллар юборувчиси ўзлари, берилган тақинчоқлар ҳам вақтинчалик, реелсларида тинимсиз қўйиладиган хорижий сафарлар эса фақат тармоқда «контент», «просмотр» ва «охват»ни ошириш учун бўлиши мумкинлигини ўйлаб ҳам кўрмаймиз. 

Чунки томоша қилувчи фолловерлар сони ошса, уларнинг реклама қабул қилиш имконияти ортади, нархлар кўтарилади. Биз уларни кузатиш орқали эса яратган курслари ҳамда семинар дарслари савдосининг ошишига ҳам ёрдам берган бўламиз. 

Бугун «дофомин тобелиги» (инсон миясида унга хурсандчилик ва бахтни ҳис қилдирувчи гармонь) даврида инсонларнинг бахт гармонига бўлган эҳтиёжи кун сайин ортиб бормоқда. 

Илгари болалар велосипед учиб, тўп тепиш ёки бобо-бувисининг бағрида эркаланиш, ота-она боласини пешонасидан ўпиш орқали мияда ишлаб чиқилган бахт гармонини, энди смартфонларидаги қисқа 15-17 секундлик контентлар орқали олаётгани ортидан инсон ҳаддан ортиқ дофомин моддасини ишлаб чиқариш мумкинлиги ва мия тобора кўпроқ дофоминга тобелашиб қолишига олиб келди. Аввалгидек ўз ҳаётида содир бўлган кичик хурсандчиликлардан қувониш, лаззат олиш, хурсанд бўлиш ҳамда бахтни туйишга қаноат ҳосил қилмайдиган кишилар жамоаси вужудга келмоқда. 

Дофомин тобелигига тушиб қолмасимиздан интернетдаги бахт саробларига сархуш бўлиб, куни бўйи реелсларни томоша қилиб ўтиргунча, ўз орзу-мақсадларимизни рўёбга чиқариш йўлида иродани шакллантира олсак, бу фарзандларимизга ҳам ибрат бўлади. 

Зеро, ҳақиқий бахтни туйган ва бахтдан масрур кишиларнинг ҳаётидан лавҳа яратиш, пост ёзиш, лайк йиғиш, просмотр ошириш, гив ўтказишга вақт топиши қийин. Бахтли ҳаётни хоҳловчи инсонлар бахтлиларни томоша қилишни эмас, бахтли ҳаёт қуриш учун ҳаракат қилади. 

ЎзА мухбири Нигора Раҳмонова суҳбатлашди.