Ота ўғли ахборот технологияларини яхши тушунгани учун унга янги телефон олиб берган эди. Аммо бу унинг жиноятга қўл уришига сабаб бўлишини хаёлига ҳам келтирмаганди.
Суд мажлиси бўлгани боис ишхонасидагиларга зарур иши чиқиб қолганлигини айтди-ю, суд биноси томон йўл олди. Суднинг қора курсисида ўтирган Дилмурод эса отасини кўриши билан кўзлари ёшланди.
...Интернетдаги “1-хbет” ўйинига муккасидан кетган Дилмурод аввалига ўзи тежаган пулларни унга тикиб тугатди. Энди эса навбатдаги ўйинлар учун пул топиши лозим.
Ўсмир телеграм каналида “онлайн магазин” очган Фарида Алихановага (исм-шарифлар шартли) мижоз сифатида ёзиб, пластик карта ташласа пул ўтказиши ва ўзига маъқул келган маҳсулотларни сотиб олишини айтади.
Муддаоси шу бўлган Ф.Алиханова суриштириб-нетиб ўтирмай унга қайнонасининг пластик карточкаси рақамини ташлаб берди. Бу орқали банк томонидан микро қарз беришга асос бўлувчи махфий рақамни билиб олган “ёш хаккер” пластик карта рақами ҳисобига “Bankеmobile” интернет иловаси орқали 500 минг сўм пулни олишга муваффақ бўлади.
Ушбу маблағни “Обменчик-1” номли телеграм боти орқали ўзига тегишли бўлган ID рақамига очилган “1-хbет” интернет ўйини ва ўз эҳтиёжлари йўлида сарфлаб юборади. Ўсмирнинг дастлабки уриниши муваффақиятли бўлгач, у пул керак бўлганида чўчимай одамларни чув туширишда давом этди.
Ота ҳайдовчи бўлиб ишлар, она эса тушликкача бозорда пишириқ сотар, ундан кейин уй юмушлар билан шуғулланарди. Бола эса мактабга бориб келар, лекин унинг нималар билан машғуллиги билан қизиқишга ота-онада вақт кам, қизиқиш эса йўқ эди.
Интернет ўйинига муккасидан кетган йигитча навбатдаги найрангларини давом эттириб, кимнидир “Click” иловасидан фаол фойдаланганингиз учун пул мукофоти ташлаймиз, деб алдаса, бировни “Сиз гуруҳларга одам қўшишда фаол иштирок этганингиз учун”, деб ишончига кирарди.
Дастлаб юз минглаб сўм атрофидаги маблағ билан кифояланган йигитча бора-бора миллионларни суғуриб ола бошлади.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага бир вақтнинг ўзида 3 нафар фуқаро мурожаат қилди. Суриштирув жараёнида аниқланган ўспирин чақирилгач эса йигитчанинг “сирли ўйинлари” фирибгарлик экани ошкор бўлди.
Жиноят кодексининг 168-моддасида фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган.
Судланувчи фирибгарлик содир этганликда айбдор, деб топилди. Суд жазо тайинлашда унинг айбига тўлиқ иқрорлиги, қилмишидан чин дилдан пушаймонлиги, иш бўйича етказилган 27 миллион сўм моддий зарар тўла қоплангани ва жабрланувчиларнинг даъвоси йўқлиги, судланувчининг вояга етмаганлиги каби ва бошқа енгиллаштирувчи ҳолатларни инобатга олди.
Фарзанди ютуқларга эришган ота-онанинг қувончи, ғурури қаерда-ю, боланинг орқасидан суд залидан мулзам бўлиб чиқиш қаёқда?... Шу ҳақда ўйлаб кўришнинг ўзиёқ ота-оналарни фарзанд тарбиясига масъулият билан ёндашишга ундаса ажаб эмас. Шундай эмасми?
Акром Арипов,
Олий суд бош консультанти.
ЎзА