Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Интернет тезлигининг чегараси борми ёки кибер ҳужумга барҳам бериш мумкинми?
09:25 / 2022-11-06

Интернет пайдо бўлибдики, мутахассислар компьютерда маълумот алмашиш тезлигини ошириш, тармоқ имкониятини кенгайтириш устида бош қотиради. Бу ҳаракатнинг охири борми, деган савол туғилиши табиий. Бинобарин, интернет имкониятининг чегараси ҳали кўринмаётган экан, уриниш давом этаверади .

Масалан, яқинда олимлар “Esnet” юқори тезликдаги компютер тармоғи “Esnet-6”гача кўтарилди ва энди сониясига 46 терабит (Тбит/с) маълумотни ўтказиш қобилиятига эга, деб эълон қилишди. Тўғри, бундай тезликнинг оддий фойдаланувчига зарурати йўқ, лекин олимларга керак экан.

АҚШ Энергетика вазирлиги юқори тезликдаги илмий интернет тармоғининг кейинги авлоди бўлган “Esnet-6”ни тақдим этди. “Esnet” 1986 йил турли лабораториялар олимларига улкан ҳажмдаги ишланмаган маълумотни алмашиш учун яратилган эди. Сўнгги ўн йилликлар давомида тармоқни технологик ютуқлар ва илмий тажриба натижасида юзага келган катта миқдордаги маълумотга мослаштириш учун кўпгина янгиликларга қўл урилди. Хусусан, 2021 йил ҳайратланарли миқдордаги маълумот узатилди. 1,1 экзабайтни тасаввурингизга сиғдира оласизми, деб ёзди “Неw Аtlаs”.

24 000 км махсус оптик толали кабелдан иборат тармоқ Қўшма Штатлар бўйлаб чўзилган. Манбага кўра, аввалроқ “Esnet” дунёдаги энг тезкор интернет тармоғи сифатида, энди етакчиликни 46 Тбит/с янги ўтказиш қобилияти билан яна-да мустаҳкамлаб олди. Қизиғи шундаки, маълумот узатишнинг бу тезлиги ҳам рекорд даража эмас экан. Энг юқори кўрсаткич Япониядаги секундига 1 петабайт (Пбпс) 1000 Тбит/с бўлган тезликка эришган тажриба заводига тегишли. Қандай ҳажм ҳақида гап кетаётганини тасаввур қилиш учун қуйидаги маълумотга эътибор қаратинг: ўртача фойдаланувчи учун сониясига бир неча юз мегабит (Мбит/с) етарли ҳисобланади. “Esnet-6” натижаси эса 46 000 000 Мбит/с. Ақл бовар қиладими?

Албатта, 46 Тбит/с нафақат олимларга, балки “Netflix”дан барча контентни юклаб олиш ва сериалларни маза қилиб томоша қилиш учун ҳам керак эмас. Гап шундаки, “Esnet-6” илмий гуруҳлар, асбоб ва объектлар ўртасида улкан маълумот тўпламини узатишла қўл келади. Тармоқ, шунингдек, иқлимни моделлаштириш, геномик, физик, астрономик ҳамда квант тадқиқотлар билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш учун фойдланилади.

Афсуски, компютер тармоғида маълумот алмашиш имконияти кенгайган сари кибер жиноятчилар имконияти ҳам ошиб бораверади. Мутахассислар ХХ асрда кибер хавфсизликнинг асосий таҳдиди сифатида “AT&T”: “DdoS” хуружи ва товламачи дастурларини кўрмоқда.

“АТ&Т” сайтида келтирилган кибер таҳлилчи Анас Баигнинг фикрича, тўлов дастурлари XX асрда ҳам жисмоний шахслар ва бизнес вакиллари учун асосий таҳдид бўлиб қолади. Таъкидланишича, бундай дастурларни ишга тушириш, нисбатан, осон ва оддий интернет фойдаланувчиси ҳам, йирик корхоналар ҳам осонгина шундай “ҳужумчи”лар қурбонига айланиши ҳеч гап эмас. Анъанага кўра, муаллиф баъзи ҳолларда ҳалокатли зарар етказиши мумкин бўлган “DdoS” ҳужуми таҳдидини таъкидлади.

“Истеъмолчилар учун тобора ортаётган хавф ҳақида гап кетганда, интернетда ишлайдиган  (“IoT”) гажетлари ва булутли хизматдан фойдаланиш билан боғлиқ хавфни ҳам келтириш мумкин”, дейди мутахассис. Эксперт фикрича, тез-тез интернетга улангани сабабли, кибер жиноятчи “IoT қурилмаларни бузиб кириш ва кибер ҳужум амалга ошириш учун ишлатиши мумкин”.

Квант компьютерлари ривожланиши анъанавий криптографияга таҳдид солади, дейди мутахассислар. Зеро, бундай машиналар қисқа вақтда паролни топа олади. Қолаверса, муҳим инфратузилмадан ахборот олиш имкониятига эга бўлган ташкилот аъзоси ҳам ички хавфни кучайтириши мумкин экан.

С.Раҳимов, ЎзА