Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Интернет орқали содир этилаётган жиноятлар ҳам реал ижтимоий ва моддий зарар етказади
15:38 / 2026-02-09

Ҳуқуқий муносабат

Президентимизнинг “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида маҳаллаларда хавфсиз муҳитни таъминлаш масаласига замонавий рақамли технологияларни кенг жорий этиш орқали ёндашиш алоҳида устувор йўналиш сифатида белгиланди. Бу қарор жиноятчиликнинг бугунги кундаги шакллари тобора мураккаблашиб, анъанавий ҳудудий чегаралардан чиқиб, рақамли маконга кўчаётганини инобатга олган ҳолда қабул қилинган.

Тошкент давлат юридик университети Ҳуқуқни соҳалараро ўрганиш факультети Тадқиқот марказининг Ҳуқуқ ва рақамли технологиялар тадқиқот бўлими кичик илмий ходими Жавохир Эшонқулов мазкур қарор билан жиноятчиликка қарши курашиш йўналишлари хусусида тушунча берди.

– Қарорда электрон мониторинг ва таҳлилий ахборот тизимларидан фойдаланиш жиноятларни фақат қайд этиш учун эмас, балки уларни олдиндан прогноз қилиш ва олдини олиш воситаси сифатида кўрилади. Бу ёндашув жиноятчиликка қарши курашда мутлақо янги босқични бошлаб беради.

Рақамли технологиялар ёрдамида маҳаллалардаги криминоген вазият реал вақт режимида таҳлил қилинади, муаммоли ҳудудлар аниқланади ва манзилли чоралар белгиланади. Масалан, муайян ҳудудда интернет фирибгарлиги, телефон орқали алдаш ёки шахсий маълумотлардан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ мурожаатлар кўпайган бўлса, бу ҳудудда рақамли профилактика чоралари кучайтирилиши зарурлигини кўрсатади.

Қарорнинг муҳим жиҳати шундаки, рақамли технологияларни қўллаш фақат техник масала сифатида эмас, балки ҳуқуқий ва ижтимоий механизм сифатида кўрилади. Яъни ахборот тизимлари орқали олинган маълумотлар асосида масъул раҳбарлар, профилактика инспекторлари ва бошқа мутасадди органлар аниқ вазифалар билан таъминланади.

Бугунги кунда кибержиноятчилик кўплаб фуқаролар томонидан ҳали етарлича англаб етилмаган хавф ҳисобланади. Кўпчилик интернет орқали содир этилаётган жиноятларни ҳақиқий жиноят сифатида қабул қилмайди. Қарор эса рақамли муҳитда содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар ҳам реал ижтимоий ва моддий зарар етказишини аниқ кўрсатиб берди.

Шунингдек, қарорда электрон назорат тизимлари орқали сохта ҳисоботлар, расмий статистикани сунъий равишда яхшилаш каби ҳолатларга барҳам бериш мақсад қилинган. Бу эса жиноятчилик, жумладан кибержиноятчилик ҳолатини реал рақамлар асосида баҳолаш имконини яратади.

Хулоса қилиб айтганда, Қарорда белгиланган рақамли технологиялар ва электрон назорат тизимлари фақат қулайлик эмас, балки жиноятчиликка қарши курашнинг замонавий, самарали ва барқарор воситасидир. Ушбу ёндашув маҳаллаларда нафақат жисмоний, балки рақамли хавфсизликни ҳам таъминлашга хизмат қилади.

Гулноза Бобоева, ЎзА