Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Интернат тарбияланувчиларига эшитиш мосламалари берилди
15:34 / 2022-10-26

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган (кар ва заиф эшитувчи) болалар учун ихтисослаштирилган 61- мактаб-интернати тарбияланувчиларига эшитиш мосламалари тарқатилди.

– Муассасамизда 373 нафар алоҳида таълим эҳтиёжи бор бола тарбияланади, – дейди 61-мактаб-интернат директори Гулара Иргашева. – Биноларимиз 2016-2017 йилларда мукаммал таъмирланиб, бугунги кун талабларига мос шароит яратилган. 2016 йилдан муассасамизда инклюзив таълим бериш йўлга қўйилди. Ўтган давр мобайнида 26 нафар ўқувчимиз умумтаълим мактабларига ўтказилди. Биргина жорий ўқув йилида 12 нафар тарбияланувчимиз умумий ўрта таълим мактабида ўқишни давом эттирмоқда. Бугун берилган замонавий эшитиш мосламалари тарбияланувчиларимизнинг таълим жараёнларини яхши ўзлаштиришига замин яратади. Натижада уларнинг жамиятга мослашиши, соғлом болалар қаторида таълим-тарбия олиш имконияти ошади.

[gallery-9291]

Республика Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги, “Замин” халқаро жамоат фонди, Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими ва Мактабгача таълим вазирликлари ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Мен эшитишни хоҳлайман” лойиҳаси асосида мактаб-интернатда тарбияланаётган ва уни битирган 400 нафардан ортиқ ўқувчи-ёшлар мутахассислар томонидан текширувдан ўтказилиб, икки томонлама эшитиш мосламалари тарқатилди.

– Лойиҳамиз бутун мамлакат бўйлаб амалга оширилмоқда, – дейди Республика Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги бўлим бошлиғи Дилафрўз Ҳайитова. – Бундан кўзланган мақсад имкон қадар эшитишида нуқсони бўлган болаларни ижтимоий жамиятга мослаштиришдан иборат. Ушбу мослама энг замонавий мослама бўлиб, уни телевизор, телефонга улаш имконияти мавжуд. Бу мосламалар орқали инклюзив таълим орқали болалар ижтимоий жамиятга мослашиб, соғлом тенгдошлари сафига қўшилиш имконияти ортади.

Вилоятдаги бошқа махсус мактаб-интернатлар тарбияланувчиларига ҳам шу каби воситалар тарқатиш режалаштирилган.

Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА