English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Интенсивлаштириш натижасида балиқ етиштириш ҳосилдорлиги 3-4 баробарга оширилди
13:31 / 2024-02-01

АОКАда ўтказилган брифингда “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Зилола Рўзиеванинг қайд этишича, 63 минг гектар сунъий сув ҳавзаси ҳамда 537 минг гектар табиий сув ҳавзасида балиқ етиштириш ишлари ташкил этилган.

Мазкур хўжаликлар томонидан ўтган йил давомида соҳани ривожлантириш мақсадида бир қанча чора-тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, личинка ишлаб чиқаришга ихтисослашган қуввати 390 миллион дона бўлган 7 та инкубация цехи ишга туширилиб, уларнинг сони 113 тага, қуввати 5,2 миллиард донага  етказилди. Балиқ чавоқларини етиштиришга ихтисослашган 270 гектар майдонда қуввати 14 миллион дона сиғимли репродуктор ҳавза ишга туширилиб, уларнинг қуввати 496 миллион донага, майдони 7,6 минг гектарга етказилди.  

Шунингдек, совуқ сув балиқларини етиштирувчи хўжаликлар сони 24 тага, қуввати эса 6000 тоннага етказилди. Айнан шу йўналишда ўтган йилда янгидан 5 та лойиҳа амалга оширилиб, 1,2 минг тонна янги қувват ишга туширилди.  

Соҳага интенсив усулда балиқ етиштириш технологияларининг жорий этилиши натижасида 1 гектар майдонда балиқ етиштириш ҳосилдорлиги 3-4 баробарга оширилди. Ҳозирда жами 8 минг гектардан ортиқ майдон интенсивлаштирилди. Шу билан бирга, қуввати 12 минг тонна бўлган юқори протеинли 3 та омухта ем ишлаб чиқариш корхонаси ишга туширилиши эвазига уларнинг сони 48 тага, қуввати 438 минг тоннага етказилди.  

Умумий қиймати 712 миллиард сўм бўлган 241 та ҳудудий лойиҳа ишга туширилди. Натижада 2500 та янги иш ўрни яратилди.  

Муҳайё Тошқораева, ЎзА