English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Интенсив усулда етиштирилаётган 100 миллион дона сифатли кўчат
10:44 / 2022-04-04

Қарор ва ижро

Деҳқончиликда сифатли ва касалликка чидамли кўчатлар муҳим аҳамиятга эга. Жорий йилда республика бўйича 230 минг гектар майдонга сабзавот ва полиз экинлари кўчатини қадаш режалаштирилган. Бунинг учун эса биринчи навбатда,  касалликка чидамли, унувчанлиги кафолатлаган ҳамда серҳосил навларни танлаб олиш тавсия этилади.

Шу нуқтаи назардан 2021 йил 15 декабрдаги «Мева-сабзавотчилик соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, тармоқда кластер ва кооперация тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарорида белгиланган вазифалар муҳим ўрин тутади.

Мазкур қарорлар Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги зиммасига мева, узум, сабзавот, картошка, полиз экинлари, гул, кўкатлар ва доривор ўсимликлар, дуккакли ва мойли экинларни етиштириш, уларни сақлаш, саралаш, қайта ишлаш ва экспортини ташкил этишга кўмаклашиш вазифаси юклатилган.

Айни вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги ҳамда Сирдарё вилоятидаги Мирзаобод иссиқхона комплекси ҳамкорлигида пилот лойиҳа амалга оширилмоқда.

Яъни, мазкур иссиқхонада 100 миллион дона сара ва сифати кафолатланган сабзавот ва полиз экинлари, жумладан булғор қалампири, помидор, бақлажон, карам кўчатлари ҳамда тарвуз ва қовуннинг уруғлари етиштириляпти. Уларни кластер ва фермер хўжаликларига, аҳоли томорқаларига етказиб бериш режалаштирган.

– Мазкур лойиҳадан кўзланган асосий мақсад – кўчат етиштиришдаги анъанавий усулдан интенсив усулга ўтиш ва бу орқали  ички  ва ташқи бозорга ҳар йилгиданда эртароқ маҳсулот етказиб беришдан иборат, – дейди Боғдорчилик ва иссиқхона хўжаликларни ривожлантириш агентлиги бўлим бошлиғи Дилшод Остонов.

– Айни пайтда иссиқхонада жараёнлар қизғин кечмоқда. Соҳа мутахассислари хориждан келтирилган, айнан бизнинг иқлим шароитига мос сифатли уруғлар асосида касалликка чидамли сабзавот кўчатларини парвариш қилишмоқда.

Дарҳақиқат, полиз ва сабзавот экинларининг касалликка чидамли, унувчанлиги кафолатлаган ҳамда серҳосил навларини кўпайтириш аҳоли турмуш фаровонлигини таъминлашда, элимизнинг асосий турдаги сабзавот маҳсулотларига бўлган эҳтиёжларини қоплашда муҳим ўрин тутади.

– Жараёнларнинг асосий қисми Италиядан келтирилган махсус мослама   ёрдамида амалга оширилади, – дейди иссиқхона раҳбари Тўлқин Норқулов. – Бир кунда 2 миллион дона сабзавот ва полиз экинларининг уруғлари махсус касетларга ўтқазилади.

Ушбу техниканинг ўзига хослиги шундаки, у кўчатлар ўстириладиган  махсус касетларга аввал ўғитни жойлаштиради. Сўнг уруғлар экилади. Шундан кейингина суғориш ишлари бажарилади. Бу жараёнларнинг барчаси бир вақтнинг ўзида параллель равишда амалга оширилади.

Мирзаобод иссиқхона комплекси агрономи Шодиёр Ҳусанов эса бу жараёндаги яна бир муҳим жиҳатни эътироф этди. Яъни, мазкур пилот лойиҳа доирасида кўчат намуналари махсус лабораторияларда илмий текширишлардан ўтказилади. Бу ерда иссиқлик, намлик, ёруғлик ва албатта, ҳар бир ходим гигиенага қатъий амал қилиш масаласи доимий назоратда.

Кўчатлар фермерларга апрель ойидан етказила бошлайди. Таъкидлаш жоизки, ушбу барча саъй-ҳаракатлар кластер ва фермер хўжаликларига, аҳоли томорқаларига сара ва сифатли сабзавот ва полиз экинларини етказишга қаратилган.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари қанчалик сифатли ва эрта тайёрланса, экспорт ҳажми ошади. Бу бевосита деҳқон ва фермерларнинг даромади бир неча баробарга кўпайишига, аҳоли турмуш даражаси ошишига хизмат қилади.

Муҳтарама Комилова, ЎзА