Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев транспорт ва йўл инфратузилма бошқарувини замонавий босқичга олиб чиқиш, йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш мақсадида ахборот технологиялари билан интеграциялашган интеллектуал транспорт тизими бўйича тайёрланган тақдимот билан танишди.
Мазкур лойиҳа Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ амалга оширилмоқда. Унда йўлларда “ақлли” светофорлар ва бошқа замонавий техник воситаларни жорий этиш орқали йўл ҳаракати бошқарувини тўлиқ рақамлаштириш мақсад қилинган. Шунингдек, йўл ҳаракати қоидалари бузилишини аниқлайдиган махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари комплексларини ўрнатиш кўзда тутилган.

Лойиҳа доирасида ҳудудда фото ва видео қайд этиш қурилмалари, замон талаблари даражасига мос устунлар, марказлашган ҳолда масофадан бошқариладиган светофорлар, транспорт оқимини ҳисобловчи замонавий камералар ҳамда кўзи ожиз ва имконияти чекланган фуқаролар учун овозли хабарнома берувчи қурилмалар босқичма-босқич ўрнатилмоқда. Бу орқали шаҳар-туманлар кесимида автотранспорт ҳаракатини бошқариш янада самарали, аниқ ва тезкор бўлиши таъминланмоқда.
Жорий этилаётган интеллектуал транспорт тизими доирасида видеокузатув камералари ва турли сенсорлар орқали транспорт, пиёда ҳамда йўловчи оқимлари тўғрисидаги маълумотлар доимий равишда йиғилади. Ушбу маълумотлар махсус дастурий платформада таҳлил қилиниб, светофорларни бошқариш, уларнинг фазаларини реал вақт режимида автоматик мослаштириш ҳамда йўл-транспорт оқимини оптималлаштириш бўйича тезкор қарорлар қабул қилинади. Натижада тирбандликлар камайиши, йўл ҳаракати хавфсизлиги ошиши ва ҳаракатнинг узлуксизлиги таъминланиши кутилмоқда.

Шунингдек, тизим жамоат ва махсус транспорт воситалари ҳаракатига устуворлик бериш имконини ҳам яратади. Агар ҳаракат жадвалидан четга чиқиш ҳолатлари кузатилса, “ақлли” тизим автоматик тарзда автобуслар ва махсус техникалар учун қулай шароит яратиб беради. Шу билан бирга, уларнинг белгиланган йўналиш ва жадвал асосида ҳаракатланишини таъминлайди. Бу эса аҳолининг жамоат транспортидан фойдаланишдаги қониқишини оширишга хизмат қилади.
Маълумотларга кўра, Тошкент вилоятида бугунги кунгача 7 та чорраҳада мавжуд светофор қурилмалари тўлиқ янгиланган. Жойлардаги 8 та чорраҳада эса йўл ҳаракатини назорат қилувчи замонавий комплекслар ўрнатилган. Шундан 5 таси ҳайдовчиларнинг хавфсизлик камарини тақмаслик ҳолатини аниқловчи камералар билан жиҳозланган. Ушбу чора-тадбирлар йўл ҳаракати қоидаларига риоя этиш даражасини ошириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва авария ҳолатларини камайтиришга қаратилган.

Келгуси йилларга мўлжалланган режалар ҳам аниқ белгилаб олинган. Хусусан, 2026–2027 йилларда вилоят ҳудудидаги 210 та чорраҳада светофор қурилмаларини тўлиқ янгилаш ва уларни интеллектуал транспорт тизимига улаш режалаштирилган. Шунингдек, 50 та объектга тезликни қайд этувчи замонавий қурилмалар ўрнатилади. Бундан ташқари, 210 та чорраҳада йўл ҳаракатини назорат қилувчи қурилмалар жойлаштирилиши, жумладан, 10 таси ҳайдовчиларнинг хавфсизлик камарини тақмаслик ҳолатини аниқловчи камералар билан жиҳозланиши кўзда тутилган.
Бу саъй-ҳаракатлар натижасида вилоятда йўл ҳаракати хавфсизлиги сезиларли даражада ошиши, тирбандликлар камайиши, транспорт оқимининг самарали бошқарилиши ҳамда фуқаролар учун янада қулай ва хавфсиз ҳаракат муҳити яратилиши кутилмоқда.

А.Мусаев, ЎзА.