Хоразм вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари терговчилари ва суриштирувчилари ҳамда прокурор ўринбосарлари иштирокида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 33 йиллиги муносабати билан “Конституция – инсон қадри, эркинлик, тенглик ва адолат гарови!” шиори остида “Интеллектуал олимпиада” ўтказилди.
Иштирокчилар 8 та жамоага бирлашиб, “Заковат”, “Брейн-ринг” ва “Эрудит-квартет” каби интеллектуал беллашувларда ўз маҳоратларини намойиш этдилар. Ҳар бир жамоа ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимига хос масъулият билан ўз билим ва салоҳиятини намоён этди.
Беллашувлар якунига кўра, Гурлан ва Янгибозор туманлари прокуратуралари, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Гурлан бўлими ҳамда Шовот, Янгибозор ва Гурлан туманлари ички ишлар бўлимлари терговчиларидан иборат “Алгоритм” жамоаси билимлар синовида биринчи ўринни қўлга киритди.
[gallery-26631]
Вилоят прокуратураси тергов тармоқлари фаолиятини назорат қилиш бўлими прокурорлари ва вилоят ички ишлар бошқармаси тергов бошқармаси ходимларидан ташкил топган “Жайхун” жамоаси иккинчи ўринни эгаллади.
Янгиариқ тумани ва Хива шаҳар прокуратуралари, департаментнинг Хива бўлими ҳамда Хива шаҳар ва туман ИИБ терговчиларидан иборат “Қалқон” жамоаси эса учинчи ўринга лойиқ деб топилди.
— Мусобақа Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 33 йиллиги муносабати билан ўтказилгани алоҳида аҳамиятга эга, — дейди ўйин координатори ва ҳаками Азамат Маткаримов. — Конституция — инсон қадри, эркинлик ва адолат меъёри. Шу сабабдан ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ўртасида интеллектуал мусобақа ташкил этилди. Тадбир ҳар йилгидан ҳам кўтаринки руҳда, курашларга бой ўтди. “Интеллектуал олимпиада” барча иштирокчилар хотирасида нафақат мусобақа, балки Ватан қонунлари ва инсон қадрига бўлган чуқур ҳурмат рамзи сифатида муҳрланиб қолди.
Тадбир сўнггида ғолиб ва фаол иштирокчилар эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари