Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Интеллектуал мулк ва унинг ҳуқуқий асослари муҳокама этилди
10:29 / 2025-09-04

Сирдарё вилоятининг Сирдарё туманида жойлашган “Wangda group” қўшма корхонасида тадбиркорлар иштирокида интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш, миллий бренд ва савдо белгиларини ҳуқуқий жиҳатдан рўйхатдан ўтказиш тартибларига бағишланган очиқ мулоқот ташкил этилди.

Учрашувда вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Камолжон Холиқов иштирок этиб, интеллектуал мулкни муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий асослари ва амалиётдаги имкониятлар юзасидан батафсил маълумот берди.

– Бугунги тадбиркор маҳсулот ишлаб чиқариш билан чекланиб қолмаслиги керак. Унинг бренди, инновация ва ечимлари ҳуқуқий жиҳатдан ҳимояланган тақдирдагина бозорда рақобатбардош ва барқарор ўрин эгаллай олади. Интеллектуал мулк – бу келажакдаги ривожланиш, халқаро бозорга чиқиш учун асосий калит ҳисобланади,  – деди Камолжон Холиқов.

Мулоқот жараёнида тадбиркорлар лицензиялаш, регламентлар ва қонунчиликдаги тартиблар бўйича саволлар билан мурожаат қилиб, адлия масъулларидан атрофлича жавоб олдилар. Масъуллар ҳар бир масала юзасидан амалий маслаҳатлар бериб, тадбиркорларнинг қонуний ҳуқуқларини таъминлашда давлат идоралари доимо ҳамкорликка тайёр эканини таъкидлашди.

Таъкидланишича, интеллектуал мулк ҳуқуқларини тўғри йўлга қўйиш нафақат тадбиркорнинг ўзини ҳимоя қилади, балки миллий маҳсулотларнинг халқаро бозорларда тан олинишига, мамлакат бренди сифатида шаклланишига ҳам хизмат қилади.

– Бундай учрашувлар биз учун жуда фойдали. Чунки ҳуқуқий масалаларда йўл-йўриқ кўрсатилиши ишимизни янада ишончли ва ҳимояланган ҳолда олиб боришга ёрдам беради,  – дейди тадбиркор Мурод Жўраев.

Мулоқот якунида тадбиркорлар очиқ суҳбат уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга, фаолиятдаги турли муаммоларга ечим топишда катта ёрдам бераётганини қайд этишди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири