Сирдарё вилояти адлия бошқармасида Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Интеллектуал мулк маркази” ходимлари томонидан “Интеллектуал мулк – тараққиёт ва ижод эркинлигининг кафолати” мавзусида семинар ўтказилди. Вилоятнинг турли туманларидан келган тадбиркорлар тадбирда фаол иштирок этиб, интеллектуал мулк соҳасидаги ҳуқуқий билимларини янада мустаҳкамлашди.
Семинарда ихтиро, фойдали модель, саноат намунаси, товар белгиси ва географик кўрсаткичлар каби интеллектуал мулк турлари батафсил тушунтирилди. Тадбиркорларнинг мурожаатлари кўриб чиқилиб, ихтиро ва товар белгиларини рўйхатдан ўтказиш тартиби бўйича амалий тавсиялар берилди.

Семинарда Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Интеллектуал мулк маркази” ходими Сардор Караманов шундай фикрни билдирди: – Интеллектуал мулкнинг ҳимоя қилиниши тадбиркор ва ижодкорлар учун нафақат ҳуқуқий кафолат, балки янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва экспорт салоҳиятини ошириш учун ҳам муҳим омилдир. Бундай тадбирлар тадбиркорлар ва ижодкорларга ҳуқуқий билимларни амалиётда қўллаш имконини беради.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддасига мувофиқ, ҳар бир фуқаронинг илмий, техникавий ва бадиий ижод эркинлиги ҳамда маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланган. Бу ҳуқуқий асос интеллектуал мулкни муҳофаза қилишнинг муҳим замини ҳисобланади.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири