Ҳозирги глобал тараққиёт ва ахборот алмашинувининг юқори тезликдаги ривожида интеллектуал мулк тўғрисидаги қонунчилик нормалари тадбиркорлик фаолиятининг ажралмас қисмига айланиб улгурган.
Зеро, охирги йилларда тадбиркорлик фаолияти ривожи бевосита айнан рақамли технологиялар ва интернет тармоғида кенг тараққий этаётганлиги билан характерлидир. Агарда илгари интеллектуал мулкнинг тадбиркорлик фаолиятида қўлланилиши бизнес вакили томонидан ўз товар ва хизматларини кенг оммага танитиш ва ушбу “бренди” орқали истеъмолчиларни ўзига жалб қилиш мақсадида амалга оширилган бўлса, бугунги кунга келиб, ушбу ҳолат аксинча тус олган. Интеллектуал мулк объектларининг ўзи, айниқса, тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлган товар белгиси (хизмат белгиси)нинг ўзи мустақил мулкий қийматга эга бўлиб турибди.
Бугунга келиб, тадбиркорлик субъектлари интеллектуал мулк орқали нафақат ўз бизнес фаолиятини юритиши, балки унинг орқасидан даромад ҳам олиши мумкинлигини англаб етишмоқда. Хусусан, Brand Finance консалтинг компанияси маълумотларига кўра, “Apple” товар белгиси жаҳондаги энг қиммат деб топилди. Таҳлилчилар томонидан Apple компаниясининг бренди 263,3 миллиард АҚШ долларига баҳоланди. Шуни таъкидлаш лозимки, Apple бренди 2018-2019 йилларда ушбу рўйхатда етакчилик қилган онлайн интернет бозор Amazon товар белгисидан сўнг 200 миллиардлик чегарани кесиб ўтган иккинчи компанияга айланди. Агарда 5 йил илгари компания бренди 145,9 миллиард АҚШ долларига баҳоланган бўлса, бугунги кунга келиб унинг баҳоси деярли икки баробарга ошган. Ушбу рўйхатда кейинги ўринларни Amazon (254,2 млрд), Google (191,2 миллиард), Microsoft (140,43 миллиард), Samsung (102,6 миллиард), Walmart (93,1 миллиард), Facebook (81,4 миллиард), ICBC (Industrial and Commercial Bank of China, 72,7 миллиард доллар) эгаллаган.
Шуни таъкидлаш керакки, Ўзбекистонда ҳам тадбиркорлик субъектларининг манфаатлари юзасидан интеллектуал мулк соҳасида мисли кўрилмаган ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, “бизнес институти” вакилларининг товар ва хизматларини ташқи бозорларга олиб чиқиш ҳамда улар брендларини рўйхатдан ўтказишга кенг жалб қилиш мақсадида қилинаётган жараёнларни бунга мисол сифатида келтириш мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2020 йил 12 октябрда интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган йиғилишда ҳам бир қатор масалалар қатори патент эгаларини тадбиркорлар билан боғлаш, тадбиркорлар учун интеллектуал мулкни яратиш ва ҳимоя қилиш бўйича ўқув-курслар ташкиллаштириш, тадбиркорлар маҳсулотларини брендга айлантириш дастури ва электрон майдончасини ишлаб чиқиб, ҳудудларда брендлар ярмаркаси ўтказиш каби муҳим вазифалар амалга оширилиши лозимлиги айтиб ўтилди.
Мазкур топшириқлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 мартдаги “2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони билан тасдиқланган давлат дастури ижроси юзасидан жорий йил 28 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарордан интеллектуал мулк объектлари экспертизасини ташкил этишнинг тезкор усулларини қўллаш, тадбиркорлик субъектлари ва ихтирочилар учун замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда ташкилий ишларни амалга ошириш, шунингдек, интеллектуал мулк объектларини тижоратлаштириш, соҳада таълим билан боғлиқ ислоҳотларни амалга ошириш каби муҳим масалалар ўрин олган.
Интеллектуал мулк соҳасидаги ҳуқуқий билимларни ошириш ва таълим жараёнларини йўлга қўйиш ташаббуси албатта муҳим заруриятга эга. Зеро, кўплаб тадбиркорлик субъектлари (компания, фирма, корхона) ўз фаолиятларини йўлга қўйишда интеллектуал мулк ҳуқуқи нуқтаи назаридан бир қатор камчиликларга йўл қўйиши келгусида уларнинг фаолиятига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.
Бу каби камчиликлар корхона томонидан яратиладиган турли интеллектуал мулк объектларининг эгасини белгилаш, рўйхатдан ўтказишни вақтида амалга ошириш каби турли жиҳатларда кўриниши мумкин. Бундан ташқари, тегишли давлат органлари мутахассисларининг ушбу йўналишдаги ҳуқуқий билим ва тушунчаларини шакллантириш ва ошириш муҳим аҳамиятга эга.
Шу сабабли ҳам 2020 йилнинг ноябрь ойида давлат органлари ва ташкилотлари ходимларининг соҳага оид касбий билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида Тошкент давлат юридик университети томонидан қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилди. Шуни таъкидлаш керакки, илк маротаба кенг қамровда ташкиллаштирилган ушбу машғулотларга давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг 100 нафарга яқин мутахассиси жалб этилди.
Сўнгги йиллардаги таҳлилларга эътибор қаратадиган бўлсак, номоддий, хусусан, интеллектуал мулк объектларининг инсоният ижтимоий ҳаётида тутган ўрни ошиб бормоқда. Шу сабабли ҳам Ўзбекистон Республикаси Президентининг юқоридаги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 декабрдаги қарорлари билан тасдиқланган Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан экспорт қилувчи ташкилотларга молиявий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ, эндиликда маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларга хорижий ваколатли органларда маҳаллий маҳсулотлар ва брендларни (шунингдек, географик кўрсаткичлар) рўйхатдан ўтказишда бир қатор имтиёзлар берилди. Юқоридагиларга кўра:
- 2025 йил 1 январга қадар миллий экспорт қилувчилар томонидан чет элда товар келиб чиққан жой номлари (географик кўрсаткичлар)ни рўйхатга олиш бўйича қилинадиган сарф-харажатлар Интеллектуал мулк агентлигининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан тўлиқ қопланади;
- экспорт улуши умумий товар айланмасининг 60 фоизидан ортиғини ташкил этадиган экспорт қилувчи, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ва ҳунармандчилик соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектлари учун товар белгиларини 2021-2022 йилларда миллий рўйхатдан ўтказиш бепул амалга оширилади;
- тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнида товар белгиси (хизмат кўрсатиш белгиси)ни ҳам давлат рўйхатидан ўтказиш тарғиб қилинади;
- экспорт қилувчи ташкилотларга хорижий ваколатли органларда маҳаллий маҳсулотлар ва брендларни (товар белгиларини) рўйхатдан ўтказиш йўналишида – 100 фоиз, лекин бир экспорт қилувчи ташкилот учун 10 минг АҚШ долларидан кўп бўлмаган миқдорда молиявий ёрдам кўрсатилиши белгиланди.
Шуни таъкидлаш керакки, ушбу берилаётган имтиёзлардан маҳаллий тадбиркорлик субъектлари юқори даражада фойдаланиши лозим. Зеро, ҳар қандай давлатда ҳам тадбиркорлик субъектларининг ўз интеллектуал мулк объектлари муҳофазаси йўналишида моддий қўллаб-қувватлашга бу каби эътибор қаратилавермайди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 28 январдаги “Интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида эса бевосита тадбиркор ёки ихтирочи томонидан амалга оширилиши лозим бўлган масалалар давлат томонидан рағбатлантирилмоқда.
Юқоридаги қарор нормалари давлат ва хусусий секторда кенг тарғиб қилиниши, ушбу вазифаларни бажариш юзасидан онлайн хизматларнинг янада такомиллаштирилиши ҳамда Технологиялар ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш марказлари фаолиятларини жадаллаштириш лозим.
Шунингдек, келгусида интеллектуал мулк объектлари муҳофазасини тўлақонли таъминлаш ва ундан самарали фойдаланиш мақсадида муаллифлик ҳуқуқида медиация институти, мулкий ҳуқуқларни жамоавий бошқариш институти, банк кредитларини олишда интеллектуал мулк объектларидан гаров сифатида фойдаланиш каби турли жиҳатларни ўрганиш лозим.
Абдумўмин Юлдашов,
ТДЮУ Интеллектуал мулк ҳуқуқи кафедраси
катта ўқитувчиси, ю.ф.ф.д (PhD)