Янги фармон
Жорий йилнинг 24 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Мазкур фармон орқали фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш, уларга кўрсатилаётган давлат ва ҳуқуқий хизматлар кўламини кенгайтиришда адлия органлари ҳамда муассасаларининг масъулиятини янада ошириш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилиши белгиланди.
Жумладан, фармоннинг 13-бандида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг интеллектуал мулк соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида жорий йил 1 июлидан бошлаб электрон ҳисоблаш машиналари учун дастур ва маълумотлар базаларини рўйхатдан ўтказишга доир талабномаларни давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали топшириш имконияти яратилиши, интеллектуал мулк объекти рўйхатдан ўтказилганлигини тасдиқловчи QR-код билан муҳофазаланган электрон ҳужжат бериш тартиби жорий этилиши белгиланмоқда.
Шунингдек, Адлия вазирлигига интеллектуал мулк тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талаблари бузилиши ҳолатлари юзасидан белгиланган тартибда хулоса бериш, контрафакт маҳсулотларни яширин ишлаб чиқариш ҳолатларини аниқлаш бўйича махсус ваколатли органлар билан ҳамкорликда тадбирлар ўтказиш белгиланган. Қолаверса, аниқланган контрафакт маҳсулотларни олиб қўйиш ва йўқ қилиш, интеллектуал мулк соҳасидаги қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширишларни ваколатли органни хабардор қилиш тартибида (ҳозирда келишиш тартибида) амалга ошириш ҳуқуқлари берилмоқда.
Бундан ташқари, фармон 6-иловасининг 17-бандида жорий йил июль ойи муддатида концерт-томоша тадбирларида муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларга риоя қилмасликни лицензия талаблари ва шартларининг қўпол равишда бузилиши сифатида эътироф этиш ҳамда лицензияни бекор қилиш чораларини қўллаш бўйича норматив ҳужжат лойиҳасини ҳамда 18-бандида жорий йил август ойи муддатида контрафакт маҳсулотларни олиб қўйиш ва йўқ қилишнинг аниқ механизмлари белгиланган. Шунингдек, интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқларни бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни аниқлаш бўйича назорат харидини амалга ошириш тартибини белгилаш, ихтиро ва фойдали модель ҳамда саноат намуналарини рўйхатдан ўтказиш талабномалари бўйича ўтказиладиган давлат экспертизаси жараёнларига аутсорсинг усулларини жорий қилиш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифалари кўрсатилди.
И.Шарапов,
Қашқадарё вилоят адлия бошқармасининг
Интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш
бўйича-бош маслаҳатчиси.
ЎзА