Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Интеллектуал мулк соҳасида назорат харидини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, Интеллектуал мулк соҳасида назорат харидини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомда:
назорат харидини ташкил этишни режалаштириш ва уни ўтказишга оид қоидалар;
назорат харидининг натижалари бўйича интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқларга риоя этилиш ҳолатини ўрганиш;
интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқларга риоя этилганлиги ҳолатини баҳолаш бўйича мезонларни белгилаш;
назорат харидини амалга ошириш билан боғлиқ тадбирларни молиялаштириш тартиби белгилаб берилган.
Ҳукумат қарорига кўра, Адлия вазирлиги:
савдо нуқталарида сотиладиган истеъмол товарлари, дори воситалари, тиббий буюм ва тиббий техника ҳамда муаллифлик ҳуқуқи объектларини реализация қилиш жараёнида интеллектуал мулк соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этилиши юзасидан тизимли равишда ўрганишлар ўтказилиши;
кенг жамоатчилик ўртасида интеллектуал мулкка нисбатан ҳурмат ҳиссини ошириш ҳамда контрафакт товарларга нисбатан тоқатсизлик муносабатини шакллантиришга қаратилган манзилли тарғибот тадбирлари ўтказилишини таъминлашга масъул давлат идораси ҳисобланади.
ЎзА