Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Интеллектуал мулк объектларининг ҳуқуқий ҳимояси кучайтирилди
18:48 / 2019-05-06

Бугунги кунда давлатимиз томонидан хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнес фаолиятини қўллаб-қувватлаш, инвестицион муҳитни янада эркинлаштириш ҳамда ижодкорларни моддий қўллаб-қувватлаш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.


Бугунги кунда давлатимиз томонидан хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнес фаолиятини қўллаб-қувватлаш, инвестицион муҳитни янада эркинлаштириш ҳамда ижодкорларни моддий қўллаб-қувватлаш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. 

Ўз навбатида, тадбиркорларнинг бу имкониятлардан қонунга мувофиқ фойдаланиши ҳамда муаллифлар ва турдош ҳуқуқ субъектлари қонуний манфаатларига риоя қилиши долзарб масалалардан биридир.

Мамлакатнинг инновацион ва иқтисодий жиҳатдан тараққий этишида, биринчи навбатда, интеллектуал мулк объектларининг қай даражада ҳуқуқий жиҳатдан ҳимояланганлиги муҳим ўрин тутади. Ривожланган давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, мамлакатимизда интеллектуал мулк соҳасидаги қонунчилик ҳамда бу йўналишдаги ҳуқуқбузарликлар учун давлатнинг таъсир чораларини белгилаш ва кучайтириш борасида бир қатор самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 2 майдаги “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисида кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонуни билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга интеллектуал мулк соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик чораларини белгилашни назарда тутувчи тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Бунда кодексга киритилган мазкур ўзгартириш ва қўшимчаларни тайёрлаш жараёнида Германия, Франция, Швейцария, Нидерландия, Швеция, Дания Қироллиги, Хитой, Япония, Эстония, Россия, Беларусь, Украина, Қозоғистон каби илғор мамлакатларнинг тажриба ва амалиётлари ўрганилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 февралдаги “Интеллектуал мулк соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан “хуфиёна иқтисодиёт” шаклланиши ҳолатларини аниқлаш, контрафакт маҳсулотлар ишлаб чиқариш фаолиятига чек қўйиш бўйича устувор вазифалар белгиланган эди.

Ҳақиқатда ҳам бугунги кунда барча турдаги савдо мажмуаларига эътибор қаратадиган бўлсак, айрим қўштирноқ ичидаги тадбиркорлар томонидан “контрафакт” маҳсулотлар олди-сотдиси ёки ҳуқуқ эгаларининг қонуний манфаатларига путур етказадиган ҳолда уларнинг товар ёки хизмат белгисига айнан ўхшаш ёки истеъмолчиларни чалғитиш хусусиятига эга маҳсулотлар савдоси билан шуғулланадиган “тадбиркорлар” фаолият юритмоқдаки, улар нафақат ўша товар ёки хизмат кўрсатиш белгиси эгасининг манфаатларига, балки мамлакатнинг жаҳон ҳамжамиятида тутган имижига ўзининг салбий таъсирини кўрсатмоқда. Биламизки, қонунчиликка мувофиқ, бозорларда товар белгисини ёки шу белги билан белгиланган товардан рухсат берилмаган тарзда фойдаланиш, улар билан адаштириб юборадиган даражада айнан ўхшаш товарларни фуқаролик муомаласига киритиш товар белгисига доир мутлақ ҳуқуқни бузиш, деб эътироф этилади.

Эндиликда кодексга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга асосан асарлар ёки турдош ҳуқуқлар объектларидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш, шунингдек, асарларнинг ёки турдош ҳуқуқлар объектларининг контрафакт нусхаларини такрорлаш, тарқатиш, барчанинг эътиборига етказиш ёхуд асарларнинг ёки турдош ҳуқуқлар объектларининг нусхаларида уларнинг тайёрловчилари ҳақида, уларни ишлаб чиқариш жойлари тўғрисида, шу билан бирга, муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар эгалари ҳақида ёлғон ахборотни кўрсатганлик учун маъмурий жавобгарлик чоралари белгиланди.

Албатта, юқоридаги норманинг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунчиликда акс эттирилиши фан, адабиёт ва санъат асарларининг муаллифлари меҳнатини рағбатлантириш, муаллифлар ва бошқа ҳуқуқ эгаларининг ўз меҳнатига яраша ҳақ олишини таъминлаш, мамлакатимизда маданият ва санъатни янада кенг тараққий эттиришга ҳамда муаллифлик ҳуқуқи соҳасидаги қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади.

Шу билан бирга, саноат мулки объектларининг ҳуқуқий муҳофазасини таъминлаш борасида ҳам кодексга тегишли қўшимчалар киритилди. Хусусан, тегишли патентланган ихтирони, фойдали моделни, саноат намунасини ўз ичига олган маҳсулот ёки буюмни рухсатсиз тайёрлаш, қўллаш, импорт қилиш, сотишга таклиф этиш, сотиш, фуқаролик муомаласига бошқа йўсинда киритиш ёки шу мақсадда сақлаб турганлик учун жарима кўринишидаги жавобгарлик чораси қўлланилиши ўрнатилди. Бу чора ихтиро патенти билан муҳофаза қилинаётган усулни қўллаш ёхуд бевосита ихтиро патенти билан муҳофаза қилинаётган усулда тайёрланган маҳсулотни фуқаролик муомаласига киритиш, шу мақсадда сақлаб турганлик учун ҳам қўлланилади.

Бугунги кунда мамлакатимизда инновацион фаолиятни кенг ривожлантириш баробарида, интеллектуал мулк объектларининг ҳуқуқий муҳофазасини амалиётга жорий этиш ва уларни тижоратлаштириш тараққиёт гаровидир. Шу нуқтаи назардан, мазкур жавобгарлик чораларининг белгиланиши патент эгалари ҳуқуқларининг муҳофаза қилиниши билан биргаликда жамиятда интеллектуал мулкка нисбатан ҳурмат руҳини шакллантиришда ҳам алоҳида аҳамият касб этади.

Баҳодир САЪДУЛЛАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Интеллектуал мулк агентлиги директори вазифасини бажарувчиси.