Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Интеллектуал мулк объектлари ҳамда товар белгисига бўлган ҳуқуқлар муҳофазаси кучайтирилади
14:18 / 2025-12-19

Сенат ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.

Ушбу масала бўйича маъруза қилган Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси ўринбосари Қобил Турсунов  интеллектуал фаолият натижаларини самарали ҳимоя қилишга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Давлат харидлари тизимида коррупциявий ҳолатларни қисқартириш ва давлат буюртмачиларининг товарлар (иш ва хизматлар)га бўлган эҳтиёжларини таъминлаш жараёни такомиллаштирилди. 

Шу билан бирга, интеллектуал мулк объектларининг ҳамда уларнинг товар белгисига бўлган ҳуқуқларининг муҳофазасини кучайтириш зарурияти юзага келмоқда.

Шунингдек, давлат буюртмачилари томонидан давлат харидларини амалга оширишда рақобат муҳитини таъминлаш ишларини янада такомиллаштириш ва давлат маблағларидан самарали фойдаланиш ва унинг ортиқча сарфланишининг олдини олиш бугунги куннинг талаби бўлиб қолмоқда.

Президентимизнинг кўрсатмаларига мувофиқ “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун ушбу вазифаларни ечими сифатида ишлаб чиқилган. Шу асосда қатор қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Муҳокама жараёнида сенаторлар жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш механизмларини такомиллаштириш зарурати юзага келганига алоҳида урғу берди. Бунда, давлат органлари ва ташкилотларининг масъулиятини ошириш, интеллектуал мулк объектларининг ҳамда уларнинг товар белгисига бўлган ҳуқуқларининг муҳофазасини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги қайд этилди.

Охирги уч йилда Ўзбекистонда товар белгиларини рўйхатдан ўтказишга бўлган талаб кескин ортган. Хусусан, 2023 йилда 3 минг 155 гувоҳнома берилган бўлса, ушбу кўрсаткич жорий йилнинг ўтган даврида 4 минг 484 тага етган.

Шуларни инобатга олиб, “Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”ги қонунга  киритилаётган қўшимчага асосан товар белгисига доир гувоҳноманинг амал қилиши ҳуқуқ эгаси бўлган юридик шахс тугатилганда, ҳуқуқ эгаси бўлган жисмоний шахс вафот этиб, унинг васиятнома ёки қонун бўйича меросхўрлари мавжуд бўлмаганда манфаатдор шахснинг аризасига биноан суд қарори асосида муддатидан олдин тугатилиши белгиланмоқда.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда комплекс экспертизадан ўтказилиши лозим бўлган давлат харидларини амалга ошириш бўйича тўғридан-тўғри шартномаларни комплекс экспертизадан ўтказмаган мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

Сенаторлар маъқуллаган қонун билан қонунчиликка киритилаётган янги нормалар интеллектуал фаолият натижаларини самарали ҳимоя қилишга хизмат қилади. Ҳуқуқни қўллаш амалиётида турлича талқин қилиш ва мураккабликлар юзага келишининг олдини олиш хамда давлат харидларини амалга ошириш жараёнида шаффофликни таъминлашга замин яратилади.

Н.Абдураимова, Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА