Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Интеллектуал мулк ҳуқуқлари ҳимояси такомиллаштирилади
16:20 / 2023-10-03

Бугунги кунда ахборот ресурслари ва ахборот тизимларидан фойдаланиш соҳасидаги имкониятлар кундан кунга кенгайиб бормоқда. Ахборот соҳасидаги имкониятлар қулай ва ижобий жиҳатлари билан бирга, хавфсизлик нуқтаи назардан ҳуқуқбузарликлардан ҳимояланишни ҳам тақозо этади.

Ушбу соҳадаги муҳим ҳуқуқий асослардан бири “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 12-1-моддасида ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборотни Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатишга оид нормалар ўз аксини топган. Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилган янги қонун лойиҳаси билан мазкур моддага тегишли қўшимча ва ўзгартириш киритилмоқда.

Мазкур “Интеллектуал мулкни ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 12-1-моддасига қўшимча ва ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида кўриб чиқилди.

Муҳокамаларда интеллектуал фаолият билан шуғулланувчи жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш борасидаги ишлар эътироф этилган ҳолда айрим муаммоларга дуч келинаётгани қайд этилди.

— Интеллектуал мулк эгаларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалаларда муаммолар мавжуд, — дейди фракция аъзоси М.Ҳасанова. — Жумладан, ижодий ва тадбиркорлик фаолиятида яратилган интеллектуал мулк объектларидан рақамли муҳитда қонунга хилоф равишда фойдаланиш билан боғлиқ қилмишлар ахборотлаштириш соҳасини тартибга солувчи махсус қонунчилик ҳужжатларида аниқ белгиланмаган. Шунингдек, интеллектуал мулк объектлари ҳуқуқ эгаларини бу турдаги ҳуқуқбузарликлардан ҳимоя қилиш бўйича ҳуқуқий кафолатлар мавжуд эмас. Бу эса соҳада айрим долзарб муаммоларни келтириб чиқармоқда.

Қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Қонунига интеллектуал мулк объектлари ҳуқуқ эгаларининг ҳуқуқларини Интернет жаҳон ахборот тармоғида ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган қўшимча киритилаётгани депутатлар томонидан эътироф этилди. Таъкидландики, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши интеллектуал мулк ҳуқуқлари ҳимояланишига замин бўлади. Ахборот ресурси эгасининг шахсий жавобгарлигини ошириш қатор қонун бузилиши ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади.

М.Комилова, ЎзА