Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Интеллектуал мулк ҳуқуқини бузган шахсларга 122 миллион сўм жарима солинди
17:01 / 2023-10-30

Қонунчиликка кўра, Ўзбекистон Республикасида муаллифлар ҳамда бошқа ҳуқуқ эгаларининг манфаатлари “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги қонунга мувофиқ ҳимоя қилинади.

Ижтимоий тармоқларда эса муаллиф меросхўрларининг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишга бўлган ҳаракатлари танқид қилинмоқда. 

Адлия вазирлиги бу масалага эътибор қаратиб, танқидлар ўринсиз эканини билдирди.  

Ҳақиқатан, дунёда муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар объектларининг ҳимояси қонун билан муҳофазага олинган. Халқаро стандартлар асосида яратилган миллий қонунчиликка кўра,  муаллиф асардан ҳар қандай шаклда ва ҳар қандай усулда фойдаланишда мутлақ ҳуқуқларга эга.  

Юридик ва жисмоний шахслар асардан фақат ҳуқуқ эгаси ёки бошқа ваколатли шахс билан тузилган шартномага биноан фойдаланиши мумкин. Яъни, сиз бирон-бир асардан фойдаланишингиз учун унинг муаллифи ёки бошқа ҳуқуқ эгаларидан розилик олишингиз шарт.  

Ушбу норманинг асосий мақсади ижодкорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг сермаҳсул ижодий фаолиятини давом эттиришига кўмаклашиш ҳисобланади.  

Қонунга мувофиқ, муаллифлик ҳуқуқлари икки турга бўлинади: биринчиси – муаллифнинг шахсий номулкий ҳуқуқлари, иккинчиси – мулкий ҳуқуқлар.  

Муаллифнинг шахсий номулкий ҳуқуқлари доимо унинг ўзида сақланиб қолади ҳамда мерос сифатида ўтказилмайди. Мулкий ҳуқуқлар эса муаллифнинг бутун ҳаёти ва унинг вафотидан сўнг 70 йил давомида, турдош ҳуқуқлар эса, ижро биринчи марта ижро этилгандан кейин 50 йил мобайнида амал қилади.  

Муаллиф вафотидан сўнг унинг мулкий ҳуқуқлари меросхўрларга ўтиши мумкин.  

Фуқаролик ва Оила кодексларининг тегишли моддаларига асосан, мерос – бу вафот этган шахс (мерос қолдирувчи)нинг мулкий ҳуқуқлари меросхўрга ўтишидир.  

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, Адлия вазирлиги томонидан интеллектуал мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.  

Жорий йил тўққиз ойида адлия органлари томонидан интеллектуал мулк ҳуқуқларини бузган 168 нафар шахсга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомалар расмийлаштирилган. Шу асосда судлар томонидан уларга 122 миллион сўм жарима солинган. Шунингдек, 467 юридик шахсга ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш тўғрисида тақдимномалар киритилган. Бир юридик шахсга суд томонидан 60 миллион сўм молиявий жарима жазоси тайинланган.  

Қўлланилган таъсир чоралари натижасида “Panino”, “Snickers”, “Mars”, “Bounty” каби товар белгилари ҳамда матрас учун бурчак вазифасини бажарган фойдали моделдан қонунга хилоф равишда ишлаб чиқарилган контрафакт маҳсулотлар ва уларнинг ёрлиқлари ҳуқуқбузарлар томонидан йўқ қилинган.  

Профилактика тадбирлари давомида йирик бозорлар ҳамда савдо марказларида тадбиркорларга товар белгиларидан қонунга хилоф равишда фойдаланмаслик бўйича тушунтиришлар берилмоқда.  

Интеллектуал мулк бўйича соҳа ходимлари 85 суд иши бўйича 157 суд мажлисида иштирок этган. Уларнинг 14 таси фуқаролик, 42 таси иқтисодий судга, қолган 29 таси маъмурий судларга оиддир.  

Ушбу даврда Адлия вазирлиги апелляция кенгашининг тўртта  мажлиси ташкил этилиб, унда 90 товар белгиси, 2 та ихтиро, 1 та саноат намунаси ва 2 та фойдали моделга оид масалалар кўриб чиқилди.  

Икки маротаба патент вакилларини аттестациядан ва рўйхатдан ўтказиш бўйича малака комиссиясининг йиғилишлари ташкил этилди. Ушбу йиғилишларда жами 23 номзод патент вакиллиги учун имтиҳон топширди. Натижага кўра, 21 нафар номзодга патент вакили сифатида рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома топширилди.  

Норгул Абдураимова, ЎзА