Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.
Дастлаб, давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган тиббиётнинг бирламчи бўғини ва ихтисослашган муассасаларда хизматлар сифатини ошириш, дори истеъмолини тартибга солиш ҳамда тиббий таълимни такомиллаштиришга бағишланган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган устувор вазифалар муҳокама қилинди, бу борада партия ва фракция олдида турган вазифалар белгилаб олинди.

Шундан сўнг “Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Таъкидланганидек, Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишни енгиллаштириш ва рағбатлантириш мақсадида қатор ислоҳотлар амалга оширилди. Эскирган, замон талабларига жавоб бермайдиган бюрократик ғовлар ва тўсиқлар бекор қилинди. Натижада юртимизда ишбилармонлик муҳити яхшиланиб, тадбиркорлик субъектлари ва хусусий инвесторлар учун кенг имкониятлар яратилди.
Мазкур қонун лойиҳасидаги нормалар миллий қонунчиликни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, иқтисодиётда тенг рақобат учун шарт-шароитлар яратиш ва чет эл инвестицияларини кенг жалб этишга хизмат қилади.
Шунингдек, йиғилишда интеллектуал мулк ҳимоясини кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди. Ушбу қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Фуқаролик кодексларига интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни бузганлик учун жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
М.Комилова, ЎзА