Интеллектуал мулкни ҳуқуқий ҳимоя қилиш нафақат муаллифлар, балки иқтисодиёт учун ҳам жуда муҳим. Чунки интеллектуал фаолият натижаларини амалиётга жорий этиш тараққиётга хизмат қилувчи омил ҳисобланади.
Айни пайтда жисмоний ва юридик шахсларнинг интеллектуал фаолияти натижасида яратилган мулкнинг дахлсизлигини таъминлашнинг ҳуқуқий механизмларини мустаҳкамлаш зарур.
Давлатимиз раҳбари жорий йил 10 сентябрда имзолаган “Интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун шу мақсадга қаратилган.
– Қонун билан фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига интеллектуал мулк объектларидан қонунга хилоф равишда фойдаланганлик учун ҳуқуқ эгасининг талабига кўра ҳуқуқбузар томонидан товон тўлаш тартиб-таомили жорий этилишини назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди, – деди Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Одилжон Иминов. – Қонун билан Фуқаролик кодексига киритилган ўзгартириш ва қўшимчага кўра, патент эгаси ва товар белгисининг эгасига зарарларнинг қопланиши ўрнига қоидабузардан қонунда белгиланган миқдорда ва тартибда товон тўлашини талаб қилишга ҳақли.
“Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида”ги ҳамда “Селекция ютуқлари тўғрисида”ги қонунларга киритилган ўзгартиришга кўра, патент эгаси ўзининг мутлақ ҳуқуқини бузган ҳолда саноат мулки объектидан фойдаланаётган шахсларнинг зарарлари қопланиши ўрнига БҲМнинг 20 бараваридан 1000 бараваригача миқдорда товон тўлашни талаб қилиши мумкин.
Бунда, товон зарарлар етказилиши фактидан қатъи назар, ҳуқуқбузарликнинг хусусиятидан ва патент эгасининг ҳуқуқларини бузган шахснинг айби даражасидан келиб чиқиб, иш муомаласи одатлари ҳисобга олинган ҳолда тўланади. Товон миқдори тарафларнинг келишувига мувофиқ ёки суд томонидан белгиланади.
Мазкур қонун билан “Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”ги қонунга ҳам ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Унга кўра, товар белгисидан унинг эгасининг мутлақ ҳуқуқини бузган ҳолда, яъни унинг рухсатисиз фойдаланаётган шахслар товар белгиси эгасининг талабига кўра етказилган зарарларнинг ўрнини қоплаши шарт.
Бундан ташқари, “Фирма номлари тўғрисида”ги қонунга фирма номига бўлган ҳуқуқни ҳимоя қилиш усулларига зарар ўрнини қоплаш ва зарарларнинг қопланиши ўрнига базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 1000 бараваригача миқдорда товон тўлаш тартиби киритилди.
Шу билан бирга, “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонунга ахборот ресурсининг эгаси Интернет жаҳон ахборот тармоғидан ўз веб-сайтидан ёки веб-сайт саҳифасидан ёхуд бошқа ахборот ресурсидан ўзга шахсларга тегишли бўлган интеллектуал мулк объектларидан қонунга хилоф равишда фойдаланишга йўл қўймаслиги шартлиги билан боғлиқ қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.
Қонун жисмоний ва юридик шахсларнинг интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга, мазкур соҳадаги ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг сифатини оширишга хизмат қилади. Чунки қонун билан рақамли муҳитда ижодий фаолиятга бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилишнинг таъсирчан механизми яратилди.
Мазкур қонун 2024 йил 12 декабрда кучга киради.
Норгул Абдураимова, ЎзА