Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Интеллектуал меҳнатга асосланган жамиятда ахборотнинг устуворлиги
16:16 / 2022-11-11

ХХI аср инсоният тамаддуни тарихида иқтисодий-ижтимоий ривожланишнинг специфик ижтимоий тартиб шаклланиши билан тавсифланади. Глобал иқтисодиётнинг илмий манзарасини экспоненциал ривожланиш, интернет, блокчейн, дигиталлаштириш, нанотехнологиялар, 3D-технологиялар, ген инженерияси каби омиллар ташкил этди. Келажакда вақт ўтиши билан ёки атроф-муҳит ўзгаришига қараб ўз шаклини ёки функциясини ўзгартирадиган объектларни лойиҳалашга имкон берадиган технологияларнинг яратилиши кутилмоқда.

Ғарб дунёсида “ахборот жамияти” атамаси биринчи марта америкалик иқтисодчи Фриц Махлуп томонидан “АҚШда билимларни ишлаб чиқариш ва қўллаш” асарида ишлатилган. Ахборотнинг жамият ҳаётидаги ролига тадқиқотчилар эътиборининг кучайиши саноатда, ишлаб чиқаришда билимларнинг тарқалиши ва бу жараёнга боғлиқ тарзда ахборот иқтисодиётининг шаклланиши билан боғлиқ.

Америкалик иқтисодчи, социолог, футуролог, постиндустриал жамият концепцияси назариётчиларидан бири Элвин Тоффлер ахборот жамиятининг хусусиятларини ўзининг “Учинчи тўлқин” номли асарида очиб беради. Тоффлернинг сўзларига кўра, “учинчи тўлқин” қуйидагиларда намоён бўлади: муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш, ишлаб чиқаришда янги усуллар ва технологиялар, таълим тизимидаги инновациялар, ижтимоий муносабатлар трансформацияси, демократик ҳукуматларнинг тузилиши.

Глобал тармоқ контекстида ахборот жамиятининг назарияларидан бири япон социологи ва футурологи, “ахборот жамиятининг отаси” Ёнежи Масуда технологияларни келажак ижтимоий тузилмаларининг асоси, “келажакда ахборот ишлаб чиқариш ва тизимлаштириш билан шуғулланадиган янги бозорнинг мезони” деб билди, глобаллашув, жамият ва табиатнинг симбиози ҳамда интеллектуал меҳнатга асосланган жамиятда ахборотнинг устувор ролини таъкидлади.

Фикримизча, “ахборот жамияти” концепцияси поликонтекстуал тушунча бўлгани боис, ушбу жамиятини шакллантириш, билим соҳаларини шакллантириш механизмлари, ушбу жамиятда шахснинг интеллектуал-ахлоқий камолоти ва ижтимоийлашуви, билимлар жамиятининг субъекти сифатида шахснинг билим ва компетенцияларини ривожлантириш каби назарий муаммоларини соҳалараро дискурсда (социология, ижтимоий педагогика, андрагогика, сиёсатшунослик, маданиятшунослик, иқтисод, таълим менежменти) ўрганиш ва тадқиқ этиш яхши самара беради.

Муайян тарихий даврда таълимнинг даражаси, шубҳасиз, мамлакатда юз бераётган ижтимоий-сиёсий ва маданий жараёнлар, мамлакат ривожланишининг иқтисодий моделларига боғлиқ. Ўз олдига жамиятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни мақсад қилиб қўйган мамлакатда бундай ривожланишга эришишнинг ягона йўли бу таълим тизимини ривожлантиришдир. Ахборот жамиятида ёш кўрсаткичлари ёки билимларнинг ҳажми жиҳатидан чекланмаслиги омилларини жиддий англашга уриниш Lifelong learning - ҳаёт давомида таълим феноменининг пайдо бўлишига имкон берди.

Ҳаёт давомида таълимнинг муҳим бўғини бўлган андрагогика - катталар таълими унинг ривожланишининг етакчи омилига айланмоқда. Айнан катталар таълими негизида жамиятнинг ҳар бир аъзоси учун бутун умр давомида таълим эҳтиёжларини қондириш учун ўзгарувчан ва мослашувчан имкониятлар яратилади. Ахборот жамияти шароитида катталар таълимининг асосий мақсади жамиятнинг катта ёшдаги аъзоларига касбий фаолият учун зарур бўлган билим ва кўникмаларни бериш, постиндустриал, демократик, ахборот, инновацион жамият ҳаётида самарали иштирокига кўмаклашишдан иборат.

Рақамли иқтисодиёт ва билимга асосланган ахборот жамияти талабларига мувофиқ инсоннинг муттасил ривожланиши, ижтимоийлашуви ва ўз-ўзини ривожлантиришга кўмаклашувчи, зарур билим ва компетенцияларни такомиллаштирувчи, барқарор ривожланиш дискурсида технологияларни яратиш ҳамда улардан фойдаланишга имкон берадиган очиқ демократик таълим тизими глобаллашган дунёнинг базавий талабларига жавоб бериши мумкин.

Моҳира ХОЛИҚОВА,

Тошкент шаҳар

педагогларни янги методикаларга ўргатиш

миллий маркази директори,

фалсафа доктори, доцент

ЎзА