Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Интеллектуал фаолият ва унинг ҳуқуқий ҳимояси
13:36 / 2020-04-26

26 апрель – Халқаро интеллектуал мулк куни.


26 апрель – Халқаро интеллектуал мулк куни

Инсоният тафаккури ривожи билан XXI асрга келиб илм-фан ва техника тараққиёти янада жадаллашди. Ҳаётимизга қанчадан-қанча сўнгги русумдаги техникалар, ахборот-коммуникация технологиялари кириб келди. Компьютер, қўл телефони, планшет воситалари яқин кўмакчимизга айланиб улгурди. Интернет тармоғи қулайликлари шу қадар кўпки, уларни санаб адоғига етолмаймиз. Буларнинг барчаси инсон тафаккури меваси ҳисобланади. Шунга кўра, интеллектуал мулк ҳар қандай жамият тараққиётида салмоқли ўринлардан бирини эгаллайди.

Инсон тафаккурининг маҳсули сифатида яратилган фан, адабиёт ва санъат асарлари ҳамда саноат намуналари ҳар бир давлатда ҳуқуқий ҳимояга олинган. Бу тоифадаги маҳсулотлардан дунё жамоатчилиги баҳраманд бўлиши учун эса келишув ва шартномалар асосида бошқа давлатларда ҳам фойдаланишга йўл қўйилган. Бунинг учун ҳам миллий, ҳам халқаро-ҳуқуқий асослар ва механизмлар яратилган.

Халқаро конвенция, битим ва шартномалар тизими самарали ташкил этилганлиги сабабли, жаҳон ҳамжамияти интеллектуал мулк объектлари ва унинг савдосидан катта миқдорда даромад олмоқда. Демакки, ғоялар, ишланмалар ва шахсий ҳуқуқлар ривожланган мамлакатлар ялпи ички маҳсулотида каттагина улушга эга бўлмоқда. Давлатлараро халқаро ҳамкорликни таъминлаш мақсадида эса халқаро универсал ҳукуматлараро ташкилотлар ҳам тузилган.

1967 йилда Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (ЖИМТ)ни таъсис этиш тўғрисида конвенция қабул қилинди ва 1970 йил 26 апрелдан бошлаб конвенция амал қила бошлади. Мазкур конвенцияда интеллектуал мулк объектлари таснифи берилиши билан бирга, халқаро ташкилотни тузиш, унинг раҳбар органлари ва фаолиятининг ҳуқуқий-ташкилий асослари, давлатларнинг аъзолиги масалалари ҳам белгиланган. Хусусан, Конвенцияда ташкилотнинг асосий органлари — Бош Ассамблея, Конференция, Мувофиқлаштирувчи қўмита, Халқаро бюро фаолияти ва ташкилий-ҳуқуқий асослари ёритиб берилган.

Конвенцияга кўра интеллектуал мулк деганда, фан, адабиёт, санъат асарлари, ихтиро, фойдали модел, саноат намунаси, селекция ютуқлари, товар белгилари, товар келиб чиққан жой ва бошқа шуларга ўхшаган объектлар тушунилади.

1974 йилда ЖИМТга Бирлашган миллатлар ташкилотининг махсус универсал ташкилоти мақоми берилди. Шунга кўра 2000 йилдан бошлаб ЖИМТга аъзо давлатларида “26 апрель — Халқаро интеллектуал мулк куни” сифатида нишонланишга келишилди. Ушбу байрам муносабати билан бутун дунёда ҳар йили турли тадбирлар ташкил этиб келмоқда. Ҳар йили байрам санаси олдидан ЖИМТ Бош директори дунё ҳамжамиятига мурожаат билан чиқади.

Бугунги кунда дунёнинг 180 дан ортиқ давлати ЖИМТнинг аъзоси ҳисобланади. Ўзбекистон 1991 йилда ЖИМТнинг аъзоси бўлди ва ўтган даврда Саноат мулкини муҳофаза қилиш бўйича Париж конвенцияси, Белгиларни халқаро рўйхатдан ўтказиш учун Мадрид битимига доир Баённома ва Протоколи, Патент кооперацияси тўғрисида шартнома, Товар белгиларига оид қонунлар тўғрисида шартнома, Патент ҳуқуқи тўғрисида шартнома, Ўсимликлар янги навларини муҳофаза қилишга оид халқаро конвенция, Патент тадбирлари мақсадлари учун микроорганизмларни депонентлаш­тиришни халқаро эътироф этиш тўғрисидаги Будапешт шартномаси, Белгиларни рўйхатдан ўтказиш учун товар ва хизматларнинг халқаро таснифи тўғрисидаги Ницца битими, Халқаро патент таснифи тўғрисидаги Страсбург битими, Саноат намуналарининг халқаро таснифини таъсис этиш тўғрисидаги Локарно битими, Бадиий ва адабий асарларни муҳофаза қилиш тўғрисидаги Бернь конвенцияси, Фонограмма тайёрловчиларининг манфаатларини уларнинг фонограммаларини ноқонуний такрорланишидан муҳофаза қилиш тўғрисидаги Женева конвенцияси, ЖИМТнинг ижро ва фонограммалар бўйича шартномаси, ЖИМТнинг муаллифлик ҳуқуқи бўйича шартномаси каби халқаро ҳужжатларга аъзо бўлди.

Мазкур ҳужжатлар асарлар ва илмий-техникавий ишланмаларни чет элда ҳам муҳофаза қилишга ва экспорт қилувчиларнинг ташқи иқтисодий фаолиятига ёрдам беради ҳамда чет эл инвестицияларини миллий саноатимизга жалб этишга кўмаклашади.

ЖИМТнинг биринчи Бош директори сифатида Хендрик Христиан Боденхаузен (Нидерландия) 1970-1973 йилларда фаолият олиб борган бўлса, кейинчалик 1973- 1997 йилларда Арпад Богш (Венгриядан чиққан АҚШ фуқароси), 1997-2008 йилларда Комил Идрис (Судан) ташкилотга раҳбарлик қилган, 2008 йилдан ҳозирга қадар эса Фрэнсис Гаарри (Австралия) раҳбарлик қилиб келмоқда.

ЖИМТ билан Ўзбекистон ўртасида яхши халқаро ҳамкорлик ўрнатилган. 1996 ва 2000 йилларда ЖИМТ собиқ Бош директорлари Арпад Богш ва Комил Идрис бошчилигида ташкилотнинг Халқаро бюроси делегациялари расмий ташрифлари чоғида Ўзбекистоннинг интеллектуал мулк ҳуқуқига оид давлат сиёсатини олиб боришдаги халқаро нуфузи расман эътироф этилди.

Ўзбекистонда интеллектуал мулк ҳуқуқини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қилиниб, унинг институционал асослари такомиллаштирмоқда. Хусусан, 2019 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги Адлия вазирлиги тасарруфига ўтказилди ва унинг ваколатлари янада кенгайтирилди, муҳим вазифалар юклатилди. Бугунги кунда Агентликка интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва уларга бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилишга оид қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилишини қатъий назорат қилиш, республика ҳудудига қалбаки товарларнинг олиб кирилиши ва айланишига чек қўйишда ваколатли давлат органлари билан ҳамкорлик қилиш, интеллектуал мулк соҳасида давлат ва хўжалик бошқарув органлари, тадбиркорлик субъектлари билан манфаатли ҳамкорликни таъминлаш, кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлашга кўмаклашиш асосий вазифалар сифатида юклатилган.

Соҳада кадрлар тайёрлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тошкент давлат юридик университетида “Интеллектуал мулк” кафедраси ташкил этилган эди. 2019 йилдан бошлаб мазкур университетда Интеллектуал мулк ҳуқуқи магистратура йўналиши ҳам ташкил этилди. Интеллектуал мулк соҳасидаги кадрлар, хусусан, патент вакилларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш Юристлар малакасини ошириш марказига юклатилган.Чунки, интеллектуал мулкни ишончли ҳимоя қилиш, ҳуқуқ эгаларига малакали ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш замонавий фикрлайдиган етук кадрларга бевосита боғлиқ.

Интеллектуал мулкнинг ҳуқуқий ҳимоясига доир қонунчиликни бугунги кун талабларидан келиб чиқиб такомиллаштириш миллий иқтисодиётнинг инновацион ривожи ҳамда мамлакатнинг интеллектуал ишлаб чиқариши ва рақамли иқтисодиётни ривожлантиришда муҳим ўрин тутади. Шу боис янги интеллектуал мулк объектларини яратиш, илмий-ижодий фаолиятни моддий қўллаб-қувватлаш, иқтисодиётни инновацион босқичга ўтказиш, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, айниқса, соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиётини кучайтириш, ҳуқуқ эгаларининг тегишли ҳуқуқларига оғишмай риоя этиш долзарб вазифалардан бўлиб қолаверади.

Гулнора ХУДАЙБЕРДИЕВА,
Тошкент ирригация институти
доценти, юридик фанлар номзоди.