Жорий йилнинг 16–21-февраль кунлари Россиянинг Новокузнецк шаҳрида шахмат бўйича “Интеллект академияси кубоги” халқаро мусобақаси бўлиб ўтди. Нуфузли мусобақада жаҳоннинг 20 давлатидан 42 та жамоа, жами 531 нафар иштирокчи ғолиблик учун дона сурди. Мусобақа ёшлар ўртасида интеллектуал салоҳиятни ошириш, халқаро тажриба алмашиш ва иқтидорли шахматчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилди.
Қизғин ва муросасиз беллашувларга бой ўтган мусобақа якунига кўра, умумжамоа ҳисобида Ўзбекистон жамоаси 85 балл жамғариб, биринчи ўринни қўлга киритди. Шу натижа билан Қозоғистон жамоаси ҳам 85 балл тўплаб, қўшимча кўрсаткичлар асосида иккинчи ўринни эгаллади. Беларус жамоаси эса 77,5 балл билан учинчи поғонадан жой олди. Бу натижа Ўзбекистон ёшлар шахмат мактабининг салоҳияти ва изчил тайёргарлик тизими самарасини яна бир бор намоён этди.


Шахсий ҳисобда ҳам юртдошларимиз муносиб иштирок этдилар. Хусусан, Гулистон шаҳридаги Ideal Study хусусий мактаби ўқувчиси Лазизбек Шавкатов мусобақа давомида барқарор ва ишончли ўйин намойиш этиб, олтин медални қўлга киритди. Унинг партиялардаги пухта стратегияси, вазиятни тўғри баҳолаши ва тезкор қарор қабул қила олиши мутахассислар томонидан юқори баҳоланди.
Мазкур ютуқ нафақат ёш шахматчининг шахсий муваффақияти, балки Гулистон шаҳри ва бутун мамлакатимиз шахмат мактаби учун ҳам катта ютуқдир. Бундай халқаро мусобақалардаги ғалабалар ёшларни интеллектуал спорт турларига кенг жалб этиш, уларнинг билим ва салоҳиятини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири