Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Институтнинг янги замонавий клиникаси очилди
21:35 / 2024-03-27

Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институтининг талабалар амалиёти учун мўлжалланган, ҳозирги замон талабларига тўла жавоб берадиган янги клиникасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда вилоят ҳокими Ботир Зарипов сўзга чиқиб, барчани замонавий тиббиёт клиникаси билан самимий табриклади. 

Замонавий услубда барпо этилган клиника илғор тиббий ускуналар билан жиҳозланган бўлиб, юқори технологик даволаш усулларини амалга ошириш имкониятини беради. Муассасада беморлар даволаниши, тиббий ходимлар фаолият юритиши, талабаларнинг тўлақонли билим олиши учун барча шарт-шароит яратилган. Бир пайтда 200 нафар стационар ва 300 нафар беморга амбулатор ёрдам кўрсатиш имкониятига эга мазкур тиббиёт клиникаси лойиҳаси умумий қиймати 65 миллиард сўмга молиялаштирилган бўлиб, муассасани талаб даражасида жиҳозлаш учун 55 миллиард сўм маблағ сарфланган. 

Эндиликда муассасада нейрохирургия, травматология, кардиохирургия, бош мия ўткир қон айланиши бузилиши, эндоурология, реконструктив жарроҳлик, интервенцион кардиология соҳаларида юқори технологик тиббий амалиётларга муҳтож беморларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш имконияти яратилган. Бу эса хорижга ёки бошқа олис ҳудудларга бормасдан, шу ернинг ўзида жаҳон андозалари даражасидаги тиббий хизмат кўрсатиш ва инсон саломатлигини тиклаш учун сарфлайдиган маблағни тежаш имконини беради. 

[gallery-16628]

Яна бир янгилик, келгусида бу клиникада мураккаб технологик жарроҳлик операциялари, буйрак, жигар ва юрак трансплантацияларини амалга ошириш учун жиддий қадам ташланмоқда. Клиникадаги малакали шифокорларнинг бош мақсади эса нафақат Бухоро, балки Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё, Хоразм вилоятлари аҳолисининг узоғини яқин қилиш, дардига малҳам бўлиш, даво топишдир. 

Замонавий тиббиёт клиникасининг очилиш маросимида Бухоро давлат тиббиёт институтининг халқаро ҳамкорларидан Туркия Соғлиқ билимлари университети Евроосиё соғлиқни сақлаш ва ижтимоий фанлар тадқиқот маркази директори Айнур Фейзиўғли, Болтиқбўйи Федерал университети профессори, тиббиёт фанлари доктори Михаил Агаповлар ҳам сўзга чиқиб, илғор технологияга эга муассасанинг моддий-техник имкониятини юқори баҳолади. 

Таъкидланганидек, бундан мақсад тиббиёт асосчиси, буюк мутафаккир Абу Али ибн Сино таваллуд топган заминда тиббиётнинг сўнгги ютуқ ва имкониятларини кенг қўллаш баробарида соҳага оид IT – замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш, тиббиёт ривожига хизмат қиладиган ёш мутахассис кадрларни тайёрлаш, улар малакасини ошириш ва зарур ҳолларда чет эллик тажрибали мутахассисларни жалб қилиш орқали тиббиётни халққа яқинлаштириш, тиббий хизмат сифатини яхшилашдир. 

Йиғилганлар клиникада яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди. 

<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/Q398gcc5jac?si=neIjiAXuTsVaNPXK" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари