Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Институтнинг 36 нафар талабаси ишга жойлашди
17:45 / 2024-10-23

Андижонда олий ўқув юртлари битирувчи талабалари бандлигини таъминлаш мақсадида умумтаълим мактаблари раҳбарлари ҳамда битирувчи талабалар иштирокида учрашув ва мулоқотлар бўлиб ўтмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда олий таълим муассасалари битирувчи талабалари бандлигини таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Андижон давлат педагогика институтида ҳам бу борада эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.   

– Жорий ўқув йилида институтимизни 1 минг 507 нафар талаба битиради, – дейди Андижон давлат педагогика институти ректори, профессор Бахтиёржон Расулов. – Уларнинг бандлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар белгиланиб, амалий ишлар олиб борилмоқда.   

Умумтаълим мактаблари билан ҳамкорлик доирасида октябрь ойининг иккинчи ўн кунлигида вилоятдаги аксарият умумтаълим мактаблари директорлари институтга келиб, битирувчи талабалар билан учрашув ва суҳбатлар ўтказди.   

[gallery-19946]

Ана шу учрашувлар давомида 204 нафар битирувчи талаба олдиндан ишга жойлашганлиги маълум бўлди, 105 нафар талаба ишга жойлашиш учун директорлардан таклифлар олди.   

Институтнинг 768 нафар талабаси эса 4+2 амалиёти орқали иш тажрибасини ошириши, классификатордан сўнг ишга қабул қилиниши белгиланди.   

Битирувчи талабалар ҳамда Андижон шаҳридаги умумтаълим мактаблари директорлари иштирокида ўтказилган навбатдаги учрашувда талабалар мактаблар фаолияти, мавжуд мутахассисликлар, бўш иш ўринлари ҳақида маълумотлар ҳамда ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.   

Учрашув якунида институтнинг 36 нафар талабаси Андижон шаҳридаги турли мактабларда ишлаш учун йўлланма олди.    

– Мен учрашувда Андижон шаҳридаги 20-умумтаълим мактабига ҳуқуқ фанидан ўқитувчи бўлиб ишга қабул қилиндим, – дейди Андижон давлат педагогика институти Миллий ғоя, маънавият асослари ва ҳуқуқ таълими йўналиши талабаси Маҳлиё Мамадалиева. – Очиғи, катта ташвишдан қутулдим, ўқишни тамомлаб қаерга ишга бораман, деб ўйланиб юрган эдим. Мана энди иш жойим тайин бўлди. Ўқишни тамомлаб, астойдил иш бошлайман.   

Ф. Убайдуллаев,

З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.