Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Институтда халқаро қизлар куни нишонланди
22:13 / 2025-10-11

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида 11 октябрь – Халқаро қизлар куни муносабати билан “Дунёни тинчлик ва эзгуликка илҳомлантирамиз!” мавзусида учрашув кечаси бўлиб ўтди.

Тадбир иштирокчилари ва меҳмонлар дастлаб институт хотин-қизлар маслаҳат кенгаши томонидан ташкил этилган кўргазма билан танишди. Иқтидорли талаба-ёшларнинг тасвирий санъат ва мусиқа ижрочилиги бўйича маҳоратига юқори баҳо берди.  

Учрашувда институт ректорининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Сайёра Бекчанова сўзга чиқиб, қизлар ўртасида ижтимоий фаолликни ошириш, уларни илм-фан, таълим, маданият ва спорт соҳаларида қўллаб-қувватлаш, шунингдек, уларни салбий ижтимоий иллатлардан ҳимоя қилиш масалаларига тўхталди.  

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, олий ўқув юртларининг хотин-қизлар маслаҳат кенгашлари вакиллари қизларнинг бугунги жамиятдаги ўрни, уларнинг етук мутахассис бўлиб етишишида таълим муассасаларининг роли ҳақида фикр билдиришди.  

Тадбир доирасида илм-фан, таълим, маданият ва санъат соҳаларида юқори натижаларга эришиб келаётган олима, докторант, магистрант ва талаба қизлар сўзга чиқиб, бугунги кунда мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги ва давлат бошқарувидаги ролини ошириш, уларнинг таълим олиши, касб-ҳунар ўрганиши ва қобилиятларини рўёбга чиқариши учун яратилаётган шароитлар ҳақида сўзлаб беришди.  

Учрашув кечасида фаол талабалар ва хотин-қизлар маслаҳат кенгаши аъзоларига фахрий ёрлиқлар топширилди.

Тадбир иқтидорли қизлар ижросидаги куй-қўшиқлар билан давом этди.  

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири