16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни
Бухоро давлат тиббиёт институтида халқаро талабаларнинг иштирокида “Ўзбекистон – бағрикенг диёр” шиори остида маданий тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда институтда таҳсил олаётган Покистон, Ҳиндистон, Туркманистон, Иордания, Миср, Россия, Бангладеш, Жанубий Корея ва яна ўнлаб давлатлардан келган хорижий талабалар фаол қатнашди. Улар ўз миллати ва элатига хос анъана, маданият, миллий либос ҳамда рақсларни намойиш этди.


Тадбир талабалар томонидан тайёрланган саҳна кўринишлари, видеотақдимотлар ва бадиий чиқишлар томошабинларда катта таассурот қолдирди. Ҳакамлар ҳайъати томонидан жамоаларнинг чиқишлари баҳолаб борилди. Ҳар бир жамоа ўзига хос ижодий ёндашув, миллий руҳ ва саҳна маданияти билан ажралиб турди. Якунда энг фаол ва ташаббускор иштирокчилар ташаккурномалар ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.


Институт раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар жамоаси хорижий талабалар фаолиятини юксак баҳолаб, Ўзбекистоннинг бағрикенглик, тинчлик ва миллатлараро тотувлик тамойиллари ёшлар қалбида мустаҳкам ўрин эгаллаётганини таъкидлади.


Зариф Комилов, ЎзА мухбири.