Андижон давлат техника институтида “Молиявий ҳуқуқбузарлик ҳамда яширин иқтисодиётга тоқатсизлик позициясини шакллантириш” мавзусида амалий семинар ташкил этилди.
Унда Президентимиз иштирокида “Коррупцияга қарши курашиш, комплаенс назоратини такомиллаштириш ва рақамлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгусидаги режалар юзасидан” ўтказилган тақдимотда белгиланган вазифалар ижроси муҳокама этилди.
Семинарда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, вилоят Иқтисодиёт ва молия бошқармаси масъуллари, давлат ва нодавлат олий таълим ташкилотларининг молия-иқтисод ишлари бўйича проректорлари ва мутахассислари, коррупцияга қарши комплаенс тузилмалари ходимлари, шунингдек, институт профессор-ўқитувчилари ва талабалари иштирок этди.
Тадбирда молиявий ҳуқуқбузарликлар ва яширин иқтисодиётнинг келиб чиқиш омиллари, уларнинг ижтимоий-иқтисодий оқибатлари, жавобгарлик чоралари ҳамда профилактика механизмлари юзасидан маърузалар тингланди. Шунингдек, соҳага оид қонунчилик нормаларини амалиётга самарали татбиқ этиш бўйича таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.
Тадбир якунида коррупцияга қарши курашиш йўналишида фаоллик кўрсатган бир гуруҳ раҳбар ходимлар, талабалар ҳамда академик лицей ўқитувчи ва ўқувчилари институт ректори томонидан фахрий ёрлиқ ва ташаккурномалар билан тақдирланди.
Бундай амалий семинарлар таълим муассасаларида шаффофлик ва қонунийлик тамойилларини мустаҳкамлаш, ёшларда коррупция ва молиявий ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасиз фуқаролик позициясини шакллантиришга хизмат қилади.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат).