English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Институт янги бинода иш бошлади
10:29 / 2022-10-01

Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институтининг янги ўқув биноси очилди.

Тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев, республикадаги тиббиёт олийгоҳлари ректорлари, институт раҳбарияти ва талабалар иштирок этди. 30 миллиард сўмлик қурилиш ва таъмирлаш ишлари натижасида институтнинг янги ўқув биноси қуриб битказилди ҳамда моддий-техник базаси шакллантирилди.

Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти энди замонавий жиҳозлар билан жиҳозланган 3 та ўқув биноси, симуляция маркази, илмий лаборатория, 500 ўринли анжуманлар зали, 200 ўринли ошхонага эга бўлди.

Тадбирда сўз олган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров  тиббиёт соҳасида фаолият олиб бораётган устоз ва мураббийларни мамлакатимизда кенг нишонланаётган Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан самимий табриклади.

Тошкент тиббиёт академияси Фарғона филиали сифатида фаолият бошлаган Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институтига Президентимизнинг 2020 йил декабрь ойидаги қарорлари билан мустақил институт мақоми берилиб, ҳозирда олийгоҳда 3 минг 100 нафардан зиёд талабалар таълим олаётганлигини қайд этган вилоят раҳбари, институтда қисқа муддат ичида катта ўзгаришлар бўлганлигини эътироф этди.

[gallery-8996]

Инвестиция дастури асосида катта маблағ ажратилиб, янги биноларнинг барпо этилгани давлатимиз раҳбарининг аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга бўлган эътиборлари ва тиббиёт соҳасида юқори малакали мутахассислар тайёрлашга қаратилган давлат сиёсатининг натижаси эканлиги қайд этилди.

Тадбирда Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев ҳам сўз олиб, даврада ўтирган фахрий устозларни байрам билан табриклаб, тиббиёт олийгоҳи талабалари яратиб берилаётган имкониятлардан ўз ўрнида оқилона фойдаланишлари, ўқиб-изланишлари, келажакда етук тиббиёт соҳаси вакиллари бўлишларига тилак билдирди.

Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан институтнинг бир қатор фахрий устозларига “Соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони топширилди.

М. Сулаймонов, ЎзА
М. Қодиров олган сурат