Денов тадбиркорлик ва педагогика институтида сунъий интеллектга асосланган рақамлаштириш тизими жорий этилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 30 октябрдаги “Сунъий интеллект технологияларига асосланган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширишда муҳим омил бўлмоқда.

Айни пайтда Сурхондарё вилояти марказидан олисда жойлашган олий таълим муассасасида иккита асосий AI тизим ишга туширилди. Бу янгилик сунъий интеллект асосида ўзаро боғланган ягона рақамли экотизимни яратиб, таълимда янги сифат босқичини бошлаб берди. Жумладан, Portfoliya тизими профессор-ўқитувчилар фаолиятини рақамли таҳлил қилиб, натижаларни AI орқали баҳолайди. Бунда ҳар бир педагог салоҳияти аниқ акс эттирилади. KPI тизими сунъий интеллект ёрдамида профессор-ўқитувчилар самарадорлигини ўлчаб, автоматик ҳисобот ва таҳлилий статистик маълумотларни шакллантиради. AI алгоритмлари ходимларнинг беш йиллик илмий ўсиш динамикасини ҳам кузатиб бориб, инсон капитали ривожини назорат қилади.

– Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 21 октябрь куни давлат бошқаруви, иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларда сунъий интеллект технологияларини жадал жорий этиш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида муҳим вазифалар белгилаб берилди, – дейди институт ректори Ойбек Рўзиев. – Шунга мувофиқ олий таълим даргоҳимизда сунъий интеллектга асосланган рақамлаштириш тизимларидан самарали фойдаланишга ўтишни белгилаб олдик ва қисқа вақтда AI тизимни жорий этиб, соҳага муҳим қадам ташладик.

Ҳаётимизга чуқур сингиб бораётган сунъий интеллект эндиликда арзон нархдаги юқори самарали ҳисоблаш ресурсига айланди. Унда таълим учун катта ҳажмдаги маълумот бор. Сунъий интеллект жорий этилган муассаса, корхона ёки компания рақобатга чидамли бўлади.


Мутахассисларнинг айтишича, институтда шу кунларда “Register Office” тизимини ишга туширишга ҳозирлик кўрилмоқда. У талабалар учун 163 турдаги хизматни AI ёрдамида автоматлаштирилган шаклда тақдим этади. Бу жараён олий таълим муассасаси бошқарувида рақамли трансформациянинг янги босқичини бошлаб беради. EPI тизими жорий этилиши билан институт тўлиқ сунъий интеллектга интеграциялашган рақамли бошқарув муҳитига ўтади.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири