Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Институт даромадини 100 миллиардга етказади
12:33 / 2024-06-25

Муносабат

Бугун ҳар бир соҳага янги технологиялар жадал кириб келмоқда. Албатта, уларни бошқаришда салоҳиятли кадрларнинг ўрни катта. Юқори малакали муҳандис кадрлар тайёрлаш жамият ва иқтисодиётнинг барқарор ривожланиши учун зарурдир. Шунинг учун ҳам сўнгги йилларда юртимизда муҳандислик соҳасида кадрларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Куни кеча Президент Шавкат Мирзиёев раислигида муҳандислик соҳаларида кадрлар тайёрлаш ва олий таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида муҳим вазифалар белгилаб берилди.  

Фарғона политехника институтида бугунги кунда илмий ва инновацион ишлаб чиқариш ҳамда турли соҳаларга хизмат кўрсатишга мўлжалланган жами 19 та марказ фаолият юритиб келмоқда. Эътиборли жиҳати, ушбу марказлар фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида хорижий тажрибани қўллаган ҳолда 14 та “Спин-офф” корхонаси очилди. Ҳозир марказ ва спин-офф корхоналари фаолиятини такомиллаштириш институтнинг 2030 йилгача ривожланиш стратегияси ва мазкур стратегияга асосан 2024-2025 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси” асосида олиб борилмоқда. Марказлар халқаро ва миллий меҳнат бозорларига рақобатбардош муҳандис кадрлар тайёрлашга йўналтирилган бўлиб, илмий-тадқиқот ўқув ишлаб чиқариш комплекси, бино ва иншоотларни лойиҳалаштириш, қурилиш материалларини аккредитациядан ўтказиш, тил ўргатиш, тайёрлов ва малака ошириш, PR-медиа, ахборот-технологиялари ҳамда дастурлаш йўналишларига мўлжалланган. Институтдаги спин офф корхоналари шу кунга қадар 21 миллиард сўм даромад қилган. Бу йил даромадни 40 миллиард сўмга, келаси йили  100 миллиард сўмга олиб чиқиш бўйича аниқ ҳисоб-китоблар ишлаб чиқилган. Энг муҳими, ушбу корхоналар ишчиларининг 90 фоизи олийгоҳ ўқитувчи ва талабаларидир.  

Давлатимиз раҳбари йиғилишда мамлакатимизда техника йўналишидаги давлат олийгоҳларини йилига 67 минг битирувчи тамомлаши, аммо улардаги дастур ва мутахассисликлар ишлаб чиқарувчилар талабига мос эмаслигига эътиборни қаратди. Соҳани ривожлантириш учун янги ташаббуслар маълум қилингани бизга катта масъулият юкламоқда. Энди техника йўналишида ўқитиш ва илмий-тадқиқот жараёнлари илғор тажриба асосида тўлиқ ўзгариши натижасида 36 та олий ўқув юрти ҳамда уларнинг филиаллари босқичма-босқич йириклашиб, жами 20 та олийгоҳ қолади. Улар дуал таълим тизимига тўлиқ ўтиши, меҳнат бозорида талаб йўқ мутахассисликлар қисқариши, шунингдек, айрим кафедралар бирлаштирилиши айтиб ўтилди.  

Таълим сифатини ошириш ислоҳотларида деканатларнинг ўрни беқиёс, чунки улар иқтидорли талабалар гуруҳини тузиш, фаолиятини назорат қилиш ва факультет бўйича иқтидорли талабаларни илмий даражага эга ўқитувчиларга бириктириб фаолият юритувчи тузилмадир. Факультет деканати иқтидорли талабаларни аниқлаш бўйича кафедраларга таклифлар киритиб, юқори рейтинг балига эга талабаларни иқтидорли талабалар гуруҳига ўтказишни мувофиқлаштиради.  

Президентимиз деканатларнинг талабаларга хизмат кўрсатиш функциялари тўлиқ рақамлаштириб, хориждаги каби “Регистратор офиси” ташкил қилинишини таъкидлади. Мазкур илгари сурилган таклифларни инобатга олган ҳолда, деканатлар фаолияти самарадорлигини ошириш ва инновацион ечимлар билан бойитиш, таълимнинг кредит тизимини бошқариш ҳамда таълим жараёнларини рақамлаштириш мақсадида Фарғона политехника институтида “Талабаларга хизмат кўрсатиш маркази”, яъни “Регистратор офиси” ташкил этилиб, ўз фаолиятини олиб бормоқда. Регистратор офисда етакчи хорижий олий таълим муассасаларининг илғор тажрибалари асосида таълим жараёнларида ўқитишнинг кредит-модул тизими ҳамда 55 дан ортиқ турдаги таълим бўйича талабаларга рақамлаштирилган хизмат кўрсатиб келинмоқда.

Йиғилишда ҳар бир олийгоҳ Германия, Япония, Хитой, Россия, Италия, Туркия, Жанубий Корея, Сингапур каби ривожланган давлатларнинг нуфузли техника университетлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиши таъкидлаб ўтилди. Институтимиз 110 дан ортиқ хорижий олий таълим муассасаси ва 20 та халқаро ташкилот билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйган. Қолаверса, 3 та университет билан қўшма таълим дастурлари жорий этилган.

Айни чоғда АҚШ, Италия, Франция, Германия, Корея, Япония, Россия, Латвия, Португалия, Миср Араб Республикаси, Буюк Британия каби давлатларнинг етакчи профессор-ўқитувчилари, соҳа мутахассисларини институтимиздаги таълим жараёнига жалб этдик. Ҳозир улар талабаларга илғор ёндашувлар асосида сабоқ бермоқда.  

Шунингдек, давлатимиз раҳбари биринчи босқичда 10 та олийгоҳда “Олий муҳандислик мактаблари” очилиши зарурлигини айтиб ўтди. Уларда икки йиллик амалий магистратура дастурлари йўлга қўйилиб, ишлаб чиқарувчилар буюртмаси асосида номзодлар саралаб олинади. Корхоналар “Олий муҳандислик мактаби”да лаборатория очиш ва жиҳозлашни молиявий қўллаб-қувватлайди. Давлат ҳам бюджетдан маблағ ажратади.  

10 та олий таълим муассасаси қаторида Фарғона политехника институти ҳам бўлиб, бу ерда “Саноат муҳандислиги” олий муҳандислик мактабини ташкил этиш режалаштирилган. Ушбу олий муҳандислик мактабимизда дастлабки босқичда машинасозлик, электротехника, энергетика ва кимё технология йўналишлари бўйича махсус дастурлар амалга оширилади.  

Яна бир қувонарли янгиликлардан бири, келаси йилдан техника йўналишидаги лойиҳаларга давлат грантлари 4 карра оширилиши маълум қилинди. Шунингдек, муҳандислик йўналишлари бўйича “энг яхши ғоя”, “энг яхши лойиҳа” ва “энг яхши ихтиро” республика танлови ўтказилиши таъкидланди. Унда ўқитувчилар, талабалар ва амалиётчи муҳандислар иштирок этиши мумкин бўлади. Танловда биринчи ўринни эгаллаганга электромобиль берилиши, шунингдек, ғоя, лойиҳа ва ихтиро муаллифи бўлган энг зўр 10 нафар иштирокчи Германия, Япония, Хитой, Россия, Италия, Туркия, Жанубий Корея, Сингапур каби давлатларга стажировкага юборилиши биз учун яна бир хушхабар бўлди.  

Президентимизнинг “Иқтисодиётимизни жадал ривожлантириш учун бизга юқори малакали муҳандис-технологлар сув билан ҳаводек зарур. Ҳар бир вазир, тармоқ раҳбари, ректор ва профессор-ўқитувчи масъулиятни чуқур ҳис қилиб, қаттиқ ишласа, изланса, бунга албатта эришамиз” деган сўзлари бизга катта куч бағишламоқда. Давлатимиз раҳбари таълим муассасамизни тажриба маскани сифатида эътироф этганлиги бу жараёнларни янада кенгайтиришга туртки беради.  

Шерзод Деҳқонов,  

Фарғона политехника институтининг ёшлар масалалари  

ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори.  

ЎзА