Миллатнинг таназзулга юз тутиши, жамиятда бегоналашув, виртуаллашув, «мен концепцияси» каби иллатларни ёшлар онгига сингдиришнинг янги усул ва механизмларини тарғиб қилаётганлар кимлар ва биз фарзандларимизни улардан қандай ҳимоя қилишимиз керак?
ЎзА мухбири Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги
Ижтимоий маънавий-тадқиқотлар институти кичик илмий ходими, Ўзбекистон Миллий университети таянч докторанти Нигора Ҳусанова билан юқоридаги каби саволлар юзасидан суҳбатлашди.
— Бугун Ғарбда тарқалаётган ғояга кўра, дунёга келган авлод «Z-zed» деб номланиб, бошқа авлод вакилларидан фарқ қилиб, улар яшаётган давр рақамли хизмат кўрсатиш ҳамда технологиялар асри ҳисобланади. Аввало бу даврнинг фарзандларимиз учун фожиали жиҳатлари нимада экани хусусида гаплашсак?
— 1996 йилдан 2012 йилгача даврдаги ўсмирлар оғир ва жисмоний меҳнатлардан озод бўлиши, улар учун ўрта махсус таълимнинг етарли эканлиги, виртуал оламдаги мавқеи орқали турмуш даражасини енгиллаштириб бериши тўғрисидаги Ғарбнинг ёт ғоялари қисқа вақт ичида Ўзбекистонга ҳам кириб келди. Энди жамият ҳеч қандай ақлий ёки жисмоний меҳнатларсиз ҳам осон даромад топиш, деган ғоя ёшларнинг аксарияти онгини эгаллаб улгургани ҳам рост.
Бунга ижтимоий тармоқлар орқали танилган «Инста-юлдузлар» томонидан тармоққа жойланган ва бугунги кунда кишилар ўртасида урфга айланаётган «МEМ»лар мисол бўлади. «МEМ» — ижтимоий тармоқларда машҳур сўз, ибора, суръат, видео ёки аудиоларнинг одамлар орасида ҳеч қандай ўзгартиришларсиз маданий ахборотларнинг бирлигини англатувчи тушунча бўлиб, замонамиз ёшлари ўртасидаги тез-тез ишлатилади. Миллий мерос ва миллатнинг қадриятига ушбу «МEМ»лар бир қараганда ҳеч қандай зарари йўқдек кўринсада, ўша жамиятнинг, миллатнинг тили, дини, эътиқоди, қадрият ва анъаналарини аста-секинлик билан йўқ қилиб боради. Чунки маълум бир ёшлар гуруҳи томонидан ўйлаб топилган бирор-бир «қилиқ» ёки «ҳаракат» унинг мазмун-моҳиятини англаб-англамай туриб, ер юзидаги ёшлар ўртасида оммавий тақлид воситасига айлантирилади. Масалан, «Сатанистлар» белгисини ТикТок, YouTube, Instagram каналларида МEМ ва челленж даражасида тарқатиш миссияси тўғрисида кўпчилик ота-оналар маълумотга эга эмас.
— «Сатанист» ўзи нима, бу белгининг тарқалиши ёки ёшлар такрорлашининг қандай салбий жиҳатлари бор?
— «Сатан» сўзи инглиз тилидан олинган бўлиб, жин, шайтон, иблис, деган маъноларни англатиб, ер юзидаги инсонлар орасида иблисга хизмат қилувчи ва инсониятни тўғри йўлдан оздирувчи, иймон-эътиқодини йўқ қилишга қаратилган ҳаракат ҳисобланади. Бу оқим бўйича АҚШнинг Колифорния штатида Антон Левий томонидан илк бор «шайтон черкови» барпо этилган. У «Сатан инжили» номли китоб муаллифи ҳисобланади. Бу йўналиш вакиллари сатанизм ва атеизм тарафдорлари томонидан бирга ҳаракат олиб бориб, уларнинг бош ғояси «дунёни шайтон бошқаради», деган ақида билан ҳаракат қиладилар.
Уларнинг ер юзида тарқалиши ва фаолиятининг энг беозор йўли сифатида мусиқий йўналиш танланган. Бундан ташқари, кичик ва қисқа лавҳалардан унумли фойдаланиш орқали ўзларининг «сатан белгиси» – кўрсатгич ва жимжилоқ бармоқ юқорига, улар орасидаги ўрта ва номсиз бармоқ пастга, бош бармоқ икки пастга эгилган бармоқнинг устида турган ҳолда ишора кўрсатилади ва лавҳанинг қайсидир қисмида бу ишора узатилади. Бу белгини асосан оммавий «рок, металл ва хеви» йўналишидаги мусиқий концерт дастурларида уларнинг севикли қўшиқчилари томонидан намойиш этилади ва мухлислар ўзи билмаган ҳолда ушбу ҳаракатларни такрорлайди. Бу гуруҳ фаоллари носоғлом муҳитда тарбия топган оиланинг ота ёки онаси ташлаб кетган, гиёҳванд, ичкиликбозлик нотинч оила фарзандларидан ташкил топган.
Иймон-эътиқодга ҳужумларнинг аксарияти 13-19 ёшгача бўлган болаларда, инсонийлик, раҳмдиллик, меҳрибонлик, беғуборлик, меҳр-муҳаббат каби ҳислатларини 2-14 ёшгача бўлган болаларда йўқ қилиш учун ҳаракат бошлаб юборилган.
Бутун дунёда кенг тарқалган ва ер юзидаги аксарият ёшларни ўзида жамлаган «ТикТок» ва “YouTube” платформаси орқали қисқа сонияли «Кўк бошли махлуқча йўқолди? У шу ерда эмасми?» кўринишидаги роликлар ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларнинг «МEМ»ига айланиши ҳамда «челлендж»ларнинг оммалашиб бориши орқали болалар учун турли аҳлоқий бузуқ ўйинчоқларни оммалаштириш, севимли ўйинчоққа айлантириш учун ҳужумлар уюштирилмоқда.
— Болалар ўртасидаги «попит ва антистресс» ўйинчоқларини оммалаштиришдан асосий мақсад нима?
— Мақсад ёшлигидан боланинг онгига «стресс» сўзини жойлаш ва шакллантиришдир. Ўйлаб кўринг, 3-7 ёшли болада қандай асабий тушкун ҳолат бўладики, уни антестрес ўйинчоқлар билан бартараф этиш лозим бўлса?! Ғарб олимлари маълумотиича, аксарият америкаликлар руҳий ҳолати туфайли шифохоналарда рўйхатда туради, уларда бу ҳолатни бартараф этиш учун давлат томонидан дори-дармон билан таъминлаб турилади.
Эътибор бериб қарасак, америка ижодкорлари томонидан яратилган фильм ва мультфильмларда ҳаттоки, қўшиқларида ҳам руҳий касалликлар билан қаҳрамонларнинг қийналиши тўғрисида лавҳалар тез-тез учраб туради.
— Суҳбат давомида миллият сўзини ишлатдингиз. Бу ибора нима маънони билдиради?
— Бизнинг миллий қадриятларимиз, таъбир жоиз бўлса, миллиятимиз халқимиз томонидан асрлардан-асрларга мерос бўлиб, тарихий жараёнда шаклланган ва бугунги кунгача етиб келган. «Миллият» тушунчаси илмий ишимнинг янгилиги бўлади.
Миллият — маълум бир миллатга, ана шу миллат билан бир маслакда яшаётган халққа тегишли бўлиб, бошқа миллат ва халқлардан ўзига хос хусусиятлари билан ажралиб туради. Ўзида тарихий ҳақиқати, инсоний қадриятлари, турмуш тарзи, маданияти ва маънавий меросини ифода этади.
Бу – она юртга эҳтиром, аждодлар хотирасига садоқат, катталарга ҳурмат, оиланинг муқаддаслиги, иффат, ибо-ҳаё, андиша каби хусусиятларнинг устуворлиги, бошқа халқларникига ўхшамайдиган урф-одатлар, расм-русумлар ва анъаналар билан ажралиб туради.
— Ахборот технологияларининг ривожланиши натижасида кишилар ўртасидаги ҳалоллик, ростгўйлик, раҳмдиллик каби инсоний фазилатлар ўрнини жамиятдан бегоналашув, муносабатларнинг виртуаллашуви эгаллаб олмаяптими?
— Ҳақсиз албатта. Кишиларнинг реал оламдан кўра, виртуал оламдаги фаолият жараёнининг ортиб бориши натижасида, эркак жинс вакиллари билан тенг ҳуқуқлиликни бирдек даъво қилувчи «инстасамка»лар ҳам бугунги кунда ўзининг аёллик шаъни ва қадр-қимматларини бир четга суриб, енгил ҳаёт ва осон пул топиш мақсадида ўзини турли кўринишларда намоён қилишмоқда. «Инстасамка» — “Instagram" сўзининг қисқартмаси «Инста» (инглиз тилида) – фото ва видеоларни алмашиш учун Америка ижтимоий тармоғи, «самка» эса аёл, урғочи, деган маъноларни англатади. Шу ном остида фаолият юритувчи аёллар гуруҳи ТикТок, Instagram, YouTube платформаларида фаолият олиб боришмоқда. Авваллари йигитларимизни Алп ўғлон, Баҳодир, Алпомишга, қизларимизни эса Тўмарису Барчинга қиёслаган бўлсак, замонамиз қизлари энди «инстасамка, йигитларимиз эса «инстасамис, инстаАлфа, хейтир» каби номлар остида ғурур билан фаолият олиб боришмоқда.
Оммавий маданият Ғарбни ўз домига тортиб кетди, аммо кейинги навбат Шарқ мамлакатлари эканлигини ҳамма бирдек англаб етмаяпти. Бу фақат кийиниш маданияти билан эмас, унда оила, фарзанд, эътиқод, шахснинг ўзлигини англаш масалаларига янгича ёндашув – инсон ўз танаси уники ёки уники эмаслиги тўғрисидаги муаммолар, «Мен концепцияси», девиант хулқ-атвор, кибержиноятчилик, гиёҳвандлик вабоси, одам савдоси, суисид муаммоларидан ташқари, энг оғриқли нуқтаси инсонлар ўртасидаги меҳр-мурувват каби маънавий қадриятларнинг йўқолишига олиб келмоқда. Бу борада давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев «Ёш авлод тарбияси ҳамма замонларда ҳам муҳим ва долзарб аҳамиятга эга бўлиб келган.
Аммо, биз яшаётган ХХI асрда бу масала ҳақиқатан ҳам ҳаёт-мамот масаласига айланиб бормоқда», дея таъкидлаган эди. Инсон онгининг ақл-заковати ва илм-фан мўъжизалари туфайли энди бир давлатда беқарорликни вужудга келтириш учун одамларни кўчага чорлов шарт эмас. Чунки, бу фаолиятни амалга ошириш учун медиа макон, яъни виртуал олам мавжуд.
— Ҳозирги кунда ёшларни «Ижтимоий сафарбар» этувчи турли виртуал ҳаракатлар ҳам кўпайди. Уларни қандай тўхтатиш мумкин?
— Ижтимоий сафарбарликнинг миллатни сафарбар этиш, оммавий сафарбарлик,
ҳарбий сафарбарлик, виртуал сафарбарлик каби турлари мавжуд.
Виртуал сафарбарликни ҳозирги кунда энг хавфлиси, дейиш мумкин. Чунки бунда чегаралар ва сарҳадлар мавжуд эмас. Йўл бошловчилар ҳам аниқ бўлмаслиги мумкин. Чунки виртуал оламга бўлган эҳтиёжнинг ортиши натижасида ҳеч ким ҳеч нарсани суриштирмай, унинг ортидан эргаша бошлайди. Чунки инсоннинг ким эканлиги ва унинг жамиятдаги ўрнини қилган ишлари эмас, «подписка» ва «лайк»лари белгилаб бераётгани ҳеч кимга сир эмас. Ижтимоий тармоқлар орқали ёшларни турли ғояларга виртуал йўналтирувчи кимсалар ҳам кўпайиб кетди.
Маълум бир вақт, жой, қамров ҳисобга олинмаган ҳолда интернет орқали кишиларни сафарбар этиш урфга кирмоқда. Масалан, Тошкент шаҳар ИИБ томонидан турли мамлакатларда
30 ёшга тўлмаган ёшлар ўртасида ўзида бузғунчи ва вайронкор ғояларни акс этган «Редан» ҳаракати юртимизга ҳам кириб келгани, ўз фаолиятини бошлагани тўғрисида маълум қилинди.
Маълумотларга кўра, «Редан» ўзи япон анимация санъат мухлисларини ўзида мужассам этган интернетдаги виртуал жамоалар, яъни ўсмирлардан иборат виртуал муносабатга киришувчи гуруҳлар ҳисобланади.
Тошкент шаҳар ИИБ томонидан ўз вақтида олди олинган «Редан» ҳаракати намойишида қўлга олинган жамоа аъзолари билан суҳбат чоғида улар содир этаётган хатти-ҳаракати жиноят эканлиги, уни келтириб чиқариши мумкин бўлган оқибатлари тўғрисида умуман тушунчага эга эмаслиги, шунчаки вақтичоғлик учун боргани ва уларни майдонга йиғмоқчи бўлган гуруҳ йўлбошчиларининг ўзи йўқ бўлиб қолганлиги тўғрисидаги маълумотидан кўриниб турибдики, ҳар қандай узатилаётган хабар ёки ахборот туфайли ер юзининг хоҳлаган ерида беқарорлик ва намойишларни бемалол ташкил эта олади.
Бу жараённинг ачинарли жиҳати ёшларнинг ушбу чақирувларда кўр-кўрона иштирок этиши ва нохуш ҳолатлар тўғрисида умуман тушунчага эга эмаслигидир.
— Фарзандларимизни мана шундай ёт мафкуралардан омон сақлаш учун нималарга эътибор беришимиз керак?
— Бунинг учун таълим ва тарбия жараёнида хотиржамликка берилмаслик талаб этилади. Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан «Агар биз ёлғон ғояга алданганларни ўз ҳолига ташлаб қўядиган бўлсак, эртага четда пайт пойлаб турган қабиҳ ёв келиб, уни ўз ортидан етаклаб кетмаслигига ким кафолат беради?» деб куюниб айтилган фикрлари барчамизни ҳушёр торттириши лозим. Ҳақиқатдан ҳам шундай. Қачонки, биз оилада фарзанд учун соғлом муҳитни шакллантириб бера олсак, келажакда келиб чиқиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олиш осонроқ бўлади.
Бунинг учун биз ёш авлоднинг онги ва қалбига шарқона одоб-ахлоқ, тарбия, миллий қадриятлар, урф-одат ва анъаналаримизни халқнинг меъдасига тегмайдиган усул ва воситалар орқали сингдиришнинг замонавий усулларини ишлаб чиқиш орқали сафарбар эта олсак, фаровон ватан орзусига эриша оламиз.
Нигора Раҳмонова суҳбатлашди.
ЎзА