French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Инстаграмда “ин” қурган товламачи
14:59 / 2022-05-11

Инстаграм – расм ва видеоларни улашиш учун мўлжалланган ижтимоий тармоқ. Ҳозирда ер юзида 1 миллиарддан ортиқ фойдаланувчига эга бу тармоқдан тижорат ва реклама мақсадида фойдаланиш жуда фойдали.

Тармоқда нафақат ўз саҳифаси, балки бошқа тахаллус остида саҳифа очиб расм ва видеолар юклаш мумкин. “Лайк”лар орқали ҳамфикр одамларни аниқлаш, дўстлашиш ва ҳатто ўз “бахтини” топиш мумкин.  

37 ёшида оиласи билан ажрашган Тоҳир Самадов (исм шарифлар шартли) ҳам мазкур тармоқда “ин” қуриб, қалбига мос шерик истаб Раъно Исанова билан танишиб қолади. Унинг Инстаграмдаги саҳифасига жойланган суратларига лайк босиб, изоҳлар ёзиб, аёлни ўзига ром этади.   

Улар ўртасида бошланган гўёки дўстлик ёзишмалари уларни Россия давлатида дийдорлашишга ундайди. Шундай бўлди ҳам. Бора-бора улар бир-бирларига ипсиз боғланиб ҳам қолди.  

Инстаграмга муккасидан кетган бу “ошиқ”лар ўзининг ҳар бир ҳаракатини суратга ёки видеога олиб тармоққа жойлаш ва “лайк” тўплаш билан гўёки завқ олишарди. Кўпроқ вақтини ижтимоий тармоқларга сарфлайдиган Тоҳирнинг топиши ҳам шунга яраша эди... 

Тоҳир пулсизлик сабаб асабийлаша бошлайди ва аёлга шундай бир суратларни кўрсатадики, осмон шу тоб Раънонинг бошига қулагандек бўлади. 

– Агар мен айтган пулни бермасанг, бу суратлар, болаларинг, айниқса, аканг учун зўр совға бўлади! 

– Лекин... севгимиз...ахир ишонгандим... 

– Ҳа, севгансан, ишонгансан менга эса пул керак. Суратларни кўряпсанми?  

Ўзининг шармандали ҳолдаги сийратини кўрган аёлнинг шу кундан бошлаб ҳаловати йўқолди. Ваҳоланки, у яқиндагина шу видео ва расмларни кўриб завқ олган эди. Энди эса... 

Аёл эркакка сўраган пулини бера бошлайди. Лекин меҳнат қилиб, унинг ҳузурини кўра олмаслик, топганини бировга бой бераётгани, албатта, унга ёқмасди. Қолаверса, аёл акасининг уйида қолдириб келган икки нафар фарзандини ҳам ўйлаши керак.  

Р.Исанова бўлаётган ишларни акаси Алишер Исановга телефон қилиб айтиб беришга мажбур бўлди. Алишер синглисини ҳимоя қилиш учун Россия давлатига етиб боради. Аммо бу пайтда Тоҳир Самадов жойини ўзгартирган, аёлга манзилдан туриб тазйиқ ўтказаётган эди. А.Исанов уни топа олмай мажбур ортга қайтади, аммо ишни шу ҳолда қолдирмайди.  

Қарангки, Тоҳир бу пайтда Раънонинг маҳалладоши, акасининг синфдоши бўлган бошқа бир аёлни авраётган эди. 

Тоҳирнинг меҳрли ва сирли гапларига ишонган Гавҳар ҳатто ўз ихтиёри билан Тоҳирга ярим яланғоч ҳолдаги суратларини юборади. Дастлаб қарз сўраб пул олган Тоҳир Самадов энди таҳдид йўли билан таъмагирлик қилиб пул талаб қила бошлайди. 

Икки аёлнинг тасвирлаб бўлмас даражадаги ҳолатлари билан гўё роҳатланаётган Тоҳир бу ишнинг охири ўзи учун ҳам аянчли бўлишини ўйлаб ҳам кўрмаган эди.  

Алишернинг ҳуқуқни муҳофаза этувчи идорага йўллаган аризасига асосан фош этилган товламачилик суд залида муҳокама этилди. 

Қонун талабига кўра, жабрланувчи ёки унинг яқин кишиларига зўрлик ишлатиш, мулкка шикаст етказиш ёки уни нобуд қилиш ёхуд жабрланувчи учун сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни ошкор қилиш билан қўрқитиб ўзгадан мулкни ёки мулкий ҳуқуқни топширишни, мулкий манфаатлар беришни ёхуд мулкий йўсиндаги ҳаракатлар содир этишни талаб қилиш ёхуд жабрланувчини ўз мулки ёки мулкка бўлган ҳуқуқини беришга мажбур қиладиган шароитга солиб қўйиш товламачилик ҳисобланади. Бу норма Жиноят кодексининг 165-моддасида мустаҳкамланган. 

Суд судланувчи Т.Самадовга товламачиликда айбли деб топди ва унга   озодлик маҳрум қилиш жазоси тайинлади. 

Айтмоқчи бўлганимиз, ижтимоий тармоқлар – инсон ўз олдига қўйган маълум вазифаларни компьютер ва телефон ёрдамида осонлаштирувчи  восита, холос. Ундаги онлайн муносабатлар реал ҳаётдан фарқ қилади. Шундай экан, дуч келганга ишониб, товламачиларнинг тузоғига тушиб қолманг.  

Акром АРИПОВ, 
Олий суд бош консультанти. 
ЎзА