French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Инсонпарварликнинг олий мезони
11:28 / 2025-12-03

Ҳар бир инсон адолатли жамиятда яшашни орзу қилади. Адолат мезони эса биргина инсонпарварлик ўлчови билангина ўлчанади. Яъни, кекса-ю ёш, соғу беморга қилинган тенг муносабат айни адолатнинг бир кўриниши.

3 декабрь — Халқаро ногиронлар куни. Хўш, бу кунни қандай нишонламоқ лозим?

Кўпчилик ногиронларнинг бу борада фикри бир нуқтада туташгани боис, айни бир кишининг фикрини келтирмадик. Улар айтадилар:

“Ҳар йили 3 декабрда бизни қутлашади. Турли зиёфатлар уюштирилиб, совғалар улашишади. Албатта, бундай ғамхўрлик учун миннатдормиз. Аммо бу байрам эмаски, бизни қутлашса. Бу ногирон инсонларга алоҳида эътибор бериладиган, уларнинг муаммоларини тинглаб, ечим берадиган кун аслида”.

Кўриниб турибдики, ногиронлиги бўлган шахслар фақат 3 декабрдагина бир марталик эслашни эмас, балки доимий эътибор ва ўз салоҳиятларидан келиб чиқиб меҳнат фаолиятини олиб боришга имкониятлар яратилишини хоҳлашади.

Қувонарлиси шуки, сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон қадри деган улуғвор сиёсат устуворлик қила бошлади. Бунинг натижаси ўлароқ, ногиронларга ҳам алоҳида эътибор қаратиш йўлга қўйилди.

Хусусан, давлатимиз раҳбарининг шахсан ўзи имконияти чекланган болалар таълим оладиган масканларга ташриф буюриб, уларнинг келажакдаги орзу-истакларига ёруғ йўл очиб берувчи ислоҳотлар кетма-кетлигини тақдим этиб келмоқда.  

Жумладан, 2022 йил Самарқанд шаҳридаги кўзи ожиз болалар таълим масканига ташриф буюрган Президент ўқувчилар билан учрашувда шундай деган эди:

“Ҳар бирингиз олий таълим муассасасини тамом қилгунингизча, ҳар бир давлат идорасида сиз учун мос иш ўринлари яратамиз. Бу бўлиши шарт. Шундагина биз илгари сураётган инсон қадри деган тамойилнинг мақсадига эришган бўламиз”.

Дарҳақиқат, айни ўша йили битирган ўқувчилар бугун талабалик босқичини ҳам тамомлаш арафасида. Қувонарлиси уларнинг аксари бугун ўз иш ўринларига эга.

Демак, ислоҳотлар инсоният учун хизмат қилмоқда. Бундай бўлмаганда унинг ислоҳотлиги қолмасди. Республикамизда жами 1 миллион 58 минг нафар ногиронлиги бўлган шахслар бўлиб, шундан 173 минг нафари ногиронлиги бўлган болаларни ташкил этади.

Яқин йилларда маҳаллаларда ижтимоий ҳодимлар уйма-уй юриб, 34,2 минг ногиронлиги бўлган, лекин белгиланмаган шахсларни аниқлади ва уларга ногиронлик белгилатди.

Жорий йилдан эса ногиронликни белгилаш ягона стандартлар ҳамда рақамлаштирилган тизим асосида амалга оширилмоқда. Қолаверса, ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаш ва иш берувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида алоҳида янги платформа ишга туширилди.

Дастур доирасида 27 минг нафар ишлаш истаги бор ногиронлиги бўлган шахс рўйхати шакллантирилиб, уларнинг 14 минг нафари (52 фоизи) ишга жойлаштирилди. Янги лойиҳаларни амалга ошириш орқали 150 минг ногиронлиги бўлган шахсларнинг расмий бандлиги таъминланди.

Юқорида таъкидлаганимиз ногиронлар бандлиги энг оғриқли нуқта. Босқичма-босқич бу ҳам ўз ечимини топаётгани қувонарли, албатта.

Эндиликда янгиланаётган тизимда бошқарув бўлинмаларида ҳам ногиронлиги бўлган шахслар фаолияти йўлга қўйилиши таклиф қилинмоқда. Негаки, бу орқали уларни янада чуқурроқ англаб, мавжуд камчиликларни самарали бартараф қилиш мумкин.

Шербек Исломов,

ЎзА