Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Инсонпарварлик тамойили мужассам
15:23 / 2024-12-10

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз Конституциясининг 32 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон халқига йўллаган байрам табригида - Инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича Асосий қонунимизда муҳрлаб қўйилган устувор тамойилларни ҳаётимизга изчил татбиқ этиш борасида юртимизда кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилаётганлигини алоҳида таъкидладилар.

Дарҳақиқат, Конституция байрами тантаналари арафасида давлатимиз раҳбари томонидан “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонни имзоланиши давлатимизнинг инсонпарварлик сиёсатини яққол намунаси бўлди деб айтишга асос бўлади. 

Маълумки, мамлакат Президенти Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 109-моддаси 23-бандига мувофиқ, амнистия тўғрисидаги ҳужжатларни қабул қилиш ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига тақдимномалар киритиши ва Ўзбекистон Республикаси судлари томонидан ҳукм қилинган шахсларни афв этиш ваколатига эга.

Айнан ушбу ваколат асосида билиб-билмай жиноят содир этган, ҳозирги вақтда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига ўтган жазо муддатини ўтаётган 483 нафар шахсни Президент томонидан афв этилди.

Афв этилган шахсларнинг 107 нафари жазодан тўлиқ озод қилинди. 275 нафари эса жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди. 
7 нафарига тайинланган жазо енгилроқ жазо билан алмаштирилди. Шунингдек, 94 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.

Ушбу афв этилганларнинг 25 нафарини чет эл фуқаролари, 32 нафарини аёллар, 5 нафарини 60 ёшдан ошган эркаклар, 274 нафарини ёшлар (шулардан, 104 нафари вояга етмаганлар) ҳамда 6 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.

Кейинги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Конституцияда белгилаб берилган “афв этиш” ваколатдан жуда кенг фойдаланиб, судлар томонидан ҳукм қилинган шахсларни афв этиш орқали давлатнинг чин маънода инсонпарварлик ғояларига ва “Инсон қадри учун” тамойилига содиқлигини кенг жамоатчиликка, қолаверса, бутун дунёга намоён этаётгани қувонарли, албатта.

Янги Ўзбекистоннинг биринчи кунларидан, аниқроғи, 2017 йилдан буён суд томонидан ҳукм қилинган ва жазо муддатини ўтаётган шахсларни афв этишни назарда тутган Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонларини таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, биргина 2017-2021 йилларда жами 21 та Президент фармони чиқарилган бўлиб, ушбу фармонлар асосида суд томонидан ҳукм қилинган 5555 нафар маҳкум афв этилган.

Агар йиллар кесимини оладиган бўлсак, 2017 йилда Президент Фармони билан 2 минг 700 нафар маҳбус озод этилган. 2018 йилнинг ўзида учта фармон эълон қилиниб, 621 нафар маҳбус оиласи бағрига қайтган. 2019 йилда эса, давлатимиз раҳбари тўртта фармонга имзо чекди ва 771 нафар шахс қамоқхоналарни тарк этди. 2020 йилда 616 нафар, 2021 йилда 637 нафар, 2022 йилда эса 605 нафар маҳкум афв этилган.

Масалани муҳим жиҳати шундаки, Президент фармонида маҳкумларни фақат афв этиш эмас, балки уларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш баробарида, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун кўмак бериш бўйича масъулларга алоҳида топшириқлар берилган. Демак, афв этиш замирида нафақат кечиримлилик, балки давлатнинг юксак инсонпарварлик ғояларга содиқлиги ҳам намоён бўлмоқда.

Бугун Янги таҳрирдаги Конституциямизда “инсон-жамият-давлат” принципини мустаҳкамланиши баробарида мамлакатда ўлим жазоси конституциявий даражада тақиқланади.

Келинг, мамлакатимиз жиноят қонунчилигида белгиланган ўлим жазоси тарихига мурожаат қилиб кўрайлик.

Маълумки, мамлакатимизда ўлим жазоси 2005 йилда бекор қилинган. Ўлим жазоси бекор қилингунга қадар Жиноят кодексининг ўлим жазосини назарда тутувчи моддалари 33 тадан 2 тага камайтирилиб, ўлим жазоси фақатгина қасддан одам ўлдириш ва терроризм жиноятларини содир этган шахсларга нисбатан тайинланиши белгиланган эди. 

Ўлим жазоси бекор қилингунга қадар, мамлакатимизнинг жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатларида ўлим жазоси тайинланиши мумкин бўлган жиноятлар сони жиноий жазоларга тортиладиган қилмишлар умумий сонининг бир фоизидан камроғини ташкил этган. Шунингдек, ўша вақтлардаёқ амалдаги Жиноят кодексида аёлларга, вояга етмаганларга ва 60 ёшдан ошган эркакларга нисбатан ўлим жазоси тайинлаш бекор қилинган. 

Тарихдан маълумки, ўлим жазоси инсониятга маълум бўлган энг қадимий жазо турларидан ҳисобланади. Қилмиш учун жазонинг бу тури қонли ўч олиш одатларидан келиб чиққанлиги кўпчиликка маълум. Ўлим жазоси энг қадимги инсоният тараққиёт босқичида одатий ҳол ҳисобланган. Ҳатто қадимги Греция, Рим, Миср қонунларида бир қанча жиноятлар учун ўлим жазосини қўллашни назарда тутган нормалар мавжуд бўлган.

Ўтган асрнинг 30-40 йилларида инсоннинг содир этган жинояти учун ўлим жазоси тайинлаш одатий ҳолга айланган бўлиб, мустабид тузум қонунларидан қанча-қанча оилалар азият чеккани, норасида фарзандлар етим қолгани кўпчиликнинг кечагидек эсида турибди. Жазонинг ва қонунларнинг адолатсизлиги, шафқатсизлиги туфайли яқин ўтмишда “ўзбек иши” бўйича отувга ҳукм қилинганларнинг тақдири ҳаммага маълум. Ўша даврларда жиноят содир этган маҳкумга ўлим жазосини тайинланиши кўпчилик учун табиий ва бу одатий ҳол сифатида қабул қилингани, афсуски, ҳақиқат.

Ҳаёт шуни кўрсатдики, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари, фуқароларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш, ҳимоя қилиш, кафолатлаш – буларнинг барчаси бир қарашда оддий бўлиб кўрингани билан амалда, ўта мураккаб масала ҳисобланади. Уларнинг муваффақиятли ҳал этилишда фақатгина давлатнинг саъй-ҳаракати етарли бўлиб қолмай, балки, бутун жамият аъзоларининг бу масалага қай даражада тайёр эканлиги, уларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти даражасига ҳам бевосита боғлиқлиги маълум.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев таъкидлаганларидек, мамлакатимиз тараққиётини янги поғонага олиб чиқиш мақсадида, умуман маъно-мазмуни инсон қадрини улуғлаш руҳи билан бойитилган, келажак авлодларга муносиб хизмат қиладиган, Янги Ўзбекистонга мос бўлган янгиланган Конституцияни ҳаётга жорий этишда кенг кўламли ислоҳотлар давом этмоқда. 

Янги Конституцияда Ўзбекистонда ўлим жазосини умуман тақиқлаш тўғрисидаги қоидани белгиланиши давлатимиз раҳбарининг шахсан ташаббуси эканлигини эътироф этишни жоиз деб биламиз.

Қолаверса, яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқидир. Бу ҳуқуқ инсонга Яратган томонидан инъом этилган. Бундан уни ҳеч ким маҳрум этишга ҳақли эмас.

Ўзбекистон Республикаси Президенти таъбири билан айтганда: “Инсонни рози қилиш - бу аввало, Яратганни розлигини топиш” демакдир.

РАХАТ ИСМАЙЛОВ,

Ўзбекистон Республикаси 

Конституциявий суди судьяси, 

ЎзА