Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят Касби тумани суди томонидан ўтказилган навбатдаги сайёр суд мажлисида хатоларидан хулоса чиқарган бир гуруҳ маҳкумларни муддатидан аввал озод қилиш юзасидан тўпланган ҳужжатлар муҳокама қилинди.
Унда иштирок этганлар қонунларимиздаги инсонпарварлик тамойилларининг ҳаётий аҳамиятига яна бир бор гувоҳ бўлди.

Озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо ўтаётган маҳкумлар судья қаршисида ўз пушаймонлигини билдириб, ўтган давр улар учун яхшигина сабоқ бўлганини таъкидлади. Судья ҳам ўз навбатида ҳар бир ҳужжатни атрофлича ўрганиб, унга кўра тақдимномаларни қаноатлантиришни лозим топди.

Шу куни пробация назоратида турган шахсларни тузалиш йўлига ўтганларига нисбатан инсонпарварлик тамойиллари қўлланиб, 5 нафар маҳкум муддатидан олдин шартли равишда озод қилинди. Пробация назоратида туриб, жазони ўташдан бўйин товлаган бир нафар маҳкумнинг жазоси оғирроғига алмаштирилиб, унга нисбатан сиртдан қидирув эълон қилинди.


Берилган ҳуқуқий тушунтиришлар, олиб борилган профилактик тадбирлар жазодан озод қилинган маҳкумларнинг келгусидаги ҳаётида муҳим роль ўйнаши табиий. Бинобарин, қонунчиликдаги ўзгаришларга кўра эндиликда имкониятни суиистеъмол қилиш жиддийроқ оқибатларга олиб келиши ҳеч гап эмас.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири